Умарали Раҳмоналиев фаолиятини Россия чемпионатида давом эттириши мумкин
Озарбайжоннинг “Сабаҳ” клубида тўп сураётган ўзбекистонлик яримҳимоячи Умарали Раҳмоналиев фаолиятини Россия Премьер Лигасида давом эттириши мумкин.
Sport24.az нашрининг хабар беришича, 23 ёшли футболчининг агентлари уни Қозоннинг “Рубин” ҳамда “Краснодар” клубларига таклиф қилган. Ҳозирча Россия жамоалари яримҳимоячини ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирган ёки билдирмагани номаълум.
Қайд этиш жоиз, Раҳмоналиев Россия футболи билан яхши таниш: у 2023 йилнинг январидан бошлаб “Рубин” шарафини ҳимоя қилган, 2025 йил январида эса ижара асосида “Сабаҳ”га кўчиб ўтган. Орадан бир йил ўтиб, Боку клуби футболчининг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олган. Эътиборли жиҳати, айни пайтда “Краснодар”ни аввал “Сабаҳ” бош мураббийи сифатида ишлаган Мурад Мусаев бошқармоқда.