Жуд Беллингем «Реал Мадрид» капитанига айланиши мумкин
Англия миллий терма жамоаси ва «Манчестер Юнайтед» клубининг собиқ ҳимоячиси Рио Фердинанд Жуд Беллингем келажакда Мадриднинг «Реал» клуби капитанига айланишига ишонч билдирди.
«Агар Жуд Беллингем Мадридда қолишга қарор қилса, келажакда албатта «Реал Мадрид» капитанига айланади. У ақл бовар қилмас даражадаги футболчи», — деди Фердинанд ўз подкастида.
Англиялик собиқ футболчи Беллингемнинг универсаллиги, жисмоний имкониятлари, ҳимоядаги ҳаракатлари ва муҳим учрашувларда ташаббусни ўз қўлига олиш қобилиятини алоҳида эътироф этди. Фердинанднинг фикрича, Беллингем Англия терма жамоасидаги ўйинлари билан Пол Скоулз, Фрэнк Лэмпард ва Стивен Жеррарддан ҳам ўзиб кетган.
Маълумот учун, Беллингем УЕФА Миллатлар лигаси доирасида Испанияга қарши кечган учрашувда голли узатмани амалга оширди. Бу унинг 2026 йилда миллий терма жамоа сафидаги еттинчи голли узатмаси бўлиб, ушбу кўрсаткич Англия терма жамоасининг бир календарь йилдаги янги рекордига айланди.