Қозоғистонда келишилган ўйин ҳақида хабар бермаган мураббий дисквалификация қилинди
Қозоғистоннинг “Арыс” футбол клуби бош мураббийи Ғалимжан Есенбаев 2027 йилнинг 1 августига қадар дисквалификация қилинди. Мутахассис учрашув натижасига ноқонуний таъсир ўтказишга уринишдан хабардор бўлса-да, бу маълумотни тегишли ташкилотларга етказмаган. Бу ҳақда Қозоғистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Манбага кўра, федерациянинг Назорат-интизом ва этика қўмитаси 3 ноябрь куни мазкур ҳолатни кўриб чиққан. Текширув натижасида Есенбаев ўйин натижасига таъсир кўрсатишга уриниш ҳақида билган, аммо бу ҳақда федерацияни огоҳлантирмагани аниқланган. Шу сабабли мураббийга 2027 йилнинг 1 августига қадар федерация тасарруфидаги барча мусобақаларда фаолият юритиш тақиқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан “Арыс” клуби ҳам жазога тортилди. Жамоа федерация талабларига риоя қилмагани учун 50 МРП миқдорида жаримага тортилган. Клуб директори Арман Пирманов эса расмий огоҳлантириш олди. Раҳбарият чиқарилган қарорга қўшилмаслигини билдириб, унинг устидан апелляция беришни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, “Арыс” Қозоғистон Биринчи лигасида иштирок этади. Жамоа 2026 йилги мавсумни 33 очко билан еттинчи ўринда якунлаган. Клуб раҳбарияти келишилган ўйинларда иштирок этганини рад этмоқда. Федерация қарорида ҳам Есенбаев келишилган ўйинни ташкил қилгани эмас, балки бундай уриниш ҳақида хабар бермагани учун жазолангани таъкидланган.