ОЧЛ 2. «Насаф» суперкамбек эвазига «Кувайт СК»ни енгиб, турнирдаги илк ғалабасига эришди
Қаршининг "Насаф" клуби Осиё Чемпионлар лигаси-2 мусобақасидаги илк ғалабасини қўлга киритди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари 4-тур доирасида Кувайтнинг "Кувайт СК" жамоасини сафарда 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Ваҳоланки, учрашув қаршиликлар учун омадсиз бошланди. Мезбонлар 31-дақиқада пенальтидан ҳисобни очди. Орадан уч дақиқа ўтиб, кувайтликлар яна бир бор дарвозани ишғол қилиб, танаффусга икки тўплик устунлик билан чиқиб кетди.
Иккинчи бўлимда эса майдондаги вазият бутунлай ўзгарди. "Насаф" 57-дақиқада Бобир Абдихолиқовнинг голи билан фарқни қисқартирди. 67-дақиқада ташкил этилган тезкор қарши ҳужум эса ҳисобни тенглаштирди — 2:2.
Қаршиликлар бу билан чекланиб қолмади. 81-дақиқада Юсуф Отубанжонинг зарбасидан кейин дарвозабондан қайтган тўпни Ойбек Рустамов дарвозага жойлаб, жамоасига ғалаба келтирди.
Шу тариқа, "Насаф" биринчи бўлимдаги икки голлик мағлубиятдан кейин вазиятни ўнглаб, Кувайтдан уч очко билан қайтмоқда. Бу қаршиликларнинг жорий мавсумдаги ОЧЛ-2 гуруҳ босқичида қўлга киритган илк ғалабаси бўлди.