locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ислом Исмоилов: «Йигитлар билан фахрланаман. Улар «Ал Ҳилол»га ҳеч қандай имконият қолдиришмади»

«Нефтчи» бош мураббийи Элит ОЧЛ 5-туридан ўрин олган баҳсдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди.
Футбол
Ислом Исмоилов: «Йигитлар билан фахрланаман. Улар «Ал Ҳилол»га ҳеч қандай имконият қолдиришмади»
photo: Neftchi FK
Осиё Чемпионлар Лигаси
23.11.2026, Як.
Нефтчи
2
Аль-Хиляль
2

Элит Осиё Чемпионлар лигаси 5-туридан ўрин олган «Нефтчи» ва «Ал Ҳилол» беллашувидан сўнг фарғоналиклар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

«Рухсат берсангизлар, футболчилар билан фахрланган ҳолатда бугун «Нефтчи» жамоаси майдонда «Ал Ҳилол»га ҳеч қандай имконият беришмади. Йигитлар билан фахрланаман. Бугун бутун Фарғона ва балки Ўзбекистон йигитлардан фахрланишди деб бемалол айта оламан. Стадионга келиб, бизни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман.

- Биринчи бўлимдаги ҳолат «Пахтакор» ва «Ан Наср» баҳсини эслатиб юборди. Танаффусдан кейин жамоа ўйинини ўзгартириш учун нималар амалга оширилди?

- Биринчи бўлимда ёмон ҳаракат қилмагандик. Яхши ўйин ўтказдик. Аммо бироз оддий хатолар сабаб гол ўтказиб юбордик. Буни табиий қабул қилишимиз керак. Чунки рақиб таркибида яхши ижрочилар бор. Улар ўз имкониятларидан унумли фойдаланди. Танаффус вақтида футболчиларни керагидан ортиқ руҳлантириб юборишимиз бизнинг зараримизга ишлаши мумкин эди. «Ал Ҳилол» бундан фойдаланиб, ҳисобни янада йириклаштириб юбориши ҳам мумкин эди. Шундан келиб чиқиб, йигитларга шошилмаслик уқтирилди. Биринчи навбатда ҳимояда тўғри ўйнаш ва рақибга имконият бермаслик ва қарши ҳужумларда эҳтиёт бўлишимиз айтилди. Йигитларга ишонч бердик. Танаффусдан кейин тартибли ўйин намойиш қилдик. Футболчиларимиз зўр футбол кўрсатишди. Яна бир бор уларга миннатдорчилик билдираман.

– Кеча ўйиндан олдинги матбуот анжуманида шундай савол берган эдим: ушбу гранд жамоа устидан ғалаба қозониш мумкинлигини, майдонда пул ёки номдор ўйинчилар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмаслигини футболчиларга сингдира олдингизми? Энди «Истиқлол»га қарши учрашув олдидан ҳолат қандай? Аброр Исмоиловнинг жароҳати борлиги ҳақида эшитдик. Унинг жароҳати жиддийми ёки йўқми? Аброр «Истиқлол» билан баҳсда майдонга туша оладими?

– Биринчи саволга тўхталадиган бўлсак, кеча ҳам таъкидлаган эдим – гарчи буни кўпчилик турлича талқин қилган бўлишига қарамай, «Ал Ҳилол» жамоасининг қандай салоҳиятга эга эканини барча билади, эртага эса майдонда рақиб ҳам «Нефтчи» қандай жамоа эканини билиб олади, дегандим. Бугун бу сўзларимизни майдонда амалда исботлаб бердик. Аброр Исмоиловга келсак, унинг жароҳати даражасини ҳозир аниқлаймиз. Ўйлайманки, у «Истиқлол»га қарши ўйингача тезроқ тикланиб, сафга қайтади.

- «Нефтчи» Суперлига чемпионлигига яқин. Мураббий сифатида сизда кайфият қандай? Қолаверса, жамоа келаси йилда ҳам ўз олдига юқори мақсадлар қўядими?

- Кайфият ҳам ўзгариб турибди. Чунки ўйинлар сони кўп. Ҳеч бири осон бўлмаяпти. Ғалаба ва мағлубият бўляпти. Бу жиҳатлар мураббийларга таъсир қилмоқда. «Нефтчи» ҳар доим ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Бу борада раҳбарият доимо аниқ вазифалар қўяди. Йилдан-йилга режа ва мақсадларимиз янада катталашмоқда. Умид қиламанки, келаси йилда ҳам янада юқори мақсадлар қўйилади, таркиб ҳам кучайтирилади.

- «Нефтчи» «Ал Ҳилол»га қарши ўйинда кўп куч сарфлаб қўймадими? Бу «Динамо»га қарши баҳсга таъсир қилмайдими?

- Кейинги ўйинга қадар 5 кун вақтимиз бор. Бу баҳсга қадар жамоа тўлиқ тиклана олади. Мураббийлар штаби ишлаб чиқилган дастурларга эга. Айнан шу жиҳат асосида ҳаракат қиламиз. Бу футбол. «Динамо» ҳам жуда яхши. Исталган рақибга қаршилик кўрсатади, уларни юта олади. Вадим Абрамовнинг қандай тажрибага эга эканлигини биламиз. Шунга қарамай, уйда бугунгидан ҳам кўпроқ иштиёқ билан ҳаракат қиламиз. Мухлисларимизга кетма-кет иккинчи чемпионликни тақдим қилишга ҳаракат қиламиз. Бугундан бор эътиборни «Динамо»га қарши баҳсга қаратамиз», - деди Исмоилов.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг