ЎФФ раҳбари клублар директорлари ва бош мураббийлари билан учрашди
Бугун Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Олий ва Биринчи лига клублари директорлари ҳамда бош мураббийлари, вилоят футбол ассоциациялари вице-президентлари ва ЎФФ масъул ходимлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда жорий мавсум Олий лига баҳслари сифатини янада ошириш, Биринчи лига мусобақаларига тайёргарлик кўриш, шунингдек, 2027-йилда мамлакатимизда футзални ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаш ва йиллик календарь иш режасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
ЎФФ президенти Олий лига учрашувлари савияси сезиларли даражада ошгани, мухлислар ва мутахассисларнинг чемпионатга қизиқиши ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Жорий мавсумдан бошлаб клубларнинг профессионал мақомда қайта ташкил этилиши, ижтимоий-иқтисодий ва молиявий фаолиятини мустақил юритиши муҳим қадам сифатида қайд этилди. Ҳудудларда футбол ассоциациялари билан ҳамкорликда ҳомийларни жалб қилиш ва маркетинг фаолиятини ривожлантириш борасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани таъкидланди.
Ички мусобақалар савиясини ошириш миллий ва ёшлар терма жамоаларининг салоҳиятини юксалтириш, халқаро майдонда юқори натижаларга эришишнинг муҳим омили экани қайд этилди. Шу муносабат билан 2027-йил терма жамоаларимиз учун масъулиятли давр бўлиши, айниқса, Жаҳон чемпионати йўлланмалари ўйналадиган 2028-йилги Осиё кубогига пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун келгуси мавсум режаларини олдиндан ишлаб чиқиш ва кучли рақиблар билан назорат учрашувларини ташкил этиш муҳимлиги уқтирилди.
Йиғилишда ютуқлар билан бир қаторда, клублар фаолиятидаги айрим камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш регламенти талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, айрим клубларда интизом масалаларига етарлича эътибор қаратилмаётгани қайд этилди.
Жумладан, айрим футзалчиларнинг регламентга зид равишда мамлакатимиз ва яқин хориж давлатларида ўтказилаётган тижорат турнирларида иштирок этиши кескин танқид қилинди. Бундай ҳолатлар нафақат клублар манфаатларига, балки спортчиларнинг саломатлигига ҳам хавф туғдириши таъкидланди. Профессионал шартнома асосида фаолият юритаётган футзалчилар билан боғлиқ нохуш ҳолатларда клуб ва Федерация зиммасида ҳам масъулият борлиги алоҳида уқтирилди.
Шунингдек, клубларнинг маркетинг, тарғибот ва ташвиқот фаолиятини кучайтириш, матбуот хизматлари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда мухлислар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги муҳим масалалардан яна бири Биринчи лига мусобақаларига тайёргарлик бўлди. Айни пайтда ЎФФ Мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш департаментига расмий мурожаат билан чиққан саккизта жамоа вакиллари билан юзма-юз мулоқот ўтказилди. Уларга мусобақада иштирок этиш талаблари, зиммасидаги масъулият ва ташкилий вазифалар батафсил тушунтирилди.
Бундан ташқари, 2026-йил якунлари бўйича ўтказилиши режалаштирилган тадбирга тайёргарлик, 2027-йил учун устувор йўналишларни белгилаш ва йиллик календарь иш режасини ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Режани декабрь ойининг биринчи ярмига қадар тасдиқлаш учун тақдим этиш бўйича келишиб олинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, барчанинг пировард мақсади — муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликни муносиб қўллаб-қувватлаш, ушбу эзгу саъй-ҳаракатларга камарбаста бўлиш ҳамда ўзбек футзалининг нуфузини янада юксалтиришдан иборат.
Кенгайтирилган йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.