Темур Кападзе: «Наманганлик мухлисларни хурсанд қилиш учун келганман»
Водий дербиси доирасидаги «Навбаҳор» ва «Нефтчи» (3:2) учрашувидан кейин наманганликлар бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
- Ассалому алайкум. Ўйлайманки, бугун муҳим ғалабага эришдик. Аввало, футболчиларимизга катта раҳмат айтаман. Мухлисларимиз томонидан ажойиб қўллаб-қувватлаш бўлди, стадионда ажойиб муҳит ҳукм сурди.
Бутун Наманган аҳлини ва жамоамизни ушбу ғалаба билан табриклайман. Биринчи навбатда, «Нефтчи» мухлисларига ҳам раҳмат айтамиз. Бугун икки жамоа мухлислари биргаликда ажойиб муҳит яратишди. «Нефтчи»нинг ҳам жуда яхши мухлислари бор. Ўйлайманки, футбол ишқибозлари бугун чиройли учрашувнинг гувоҳи бўлишди. Иккала жамоа ҳам яхши ўйин намойиш этди. Худога шукр, ғалаба қозондик. Айрим ҳал қилувчи вазиятлар ҳам бизга устунлик берди ва бу имкониятдан фойдаланиб, ғалабага эришдик. Барчага раҳмат.
- Жамоа ҳисобда олдинда бораётган бир пайтда иккита гол ўтказиб юборди. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Футболчилар концентрацияни йўқотдими ёки бу ерда психологик омил ҳам таъсир қилдими?
- Аввало, биз ҳисобда олдинда бораётганимизда иккита гол ўтказиб юборганимиз йўқ. Рақиб биринчи бўлиб гол урди. Бу вазиятда ҳимоячиларимиз ва ярим ҳимоячиларимиз Жамшиднинг узатмасига йўл қўйиб беришди. Унинг паслари яхши чиқишини билишарди, аммо ҳимоячиларимиз концентрацияни йўқотишди. Чунки Алишер Одилов ичкарига кириб келаётган пайтда уни дарҳол тўхтатиш керак эди. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради, хатосиз ўйин бўлмайди. Ўша вазиятда қийин аҳволга тушиб қолдик. Аслида, ёмон ўйнамаётган эдик, аммо битта вазият гол билан якунланди. Шунга қарамай, ишончимиз бор эди. Олдимизда ҳали вақт кўп, ўз майдонимизда ўйнаётгандик. Учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилиш учун имкониятимиз етарли эди. Балки ўша вазиятларда футболчиларимиз бироз бўшашгандир. Чунки «Нефтчи» камчиликда қолган, тўп назорати эса бизда эди. Аммо рақиб битта имкониятдан яна фойдаланди ва бизни жазолади.
Албатта, бу ҳақда гаплашамиз, хатоларни таҳлил қиламиз. Ҳозир эса олдимизда навбатдаги муҳим учрашув турибди. Унга тайёргарлик кўришимиз керак. Бугунги ўйинга тайёргарлик жараёни ҳам биз истагандек кечмади. Биласизлар, миллий жамоада бўлган футболчиларимиз фақат 19-куни қайтиб келишди. Кеча тушликка яқин жамоага қўшилишди. Деярли биргина машғулот ўтказиш имконияти бўлди. Йўлдан қайтишди, кейин кимдир ўйнади, кимдир ўйнамади. Ўзингиз тушуниб турибсиз, қийинчиликлар бўлди. Шунга қарамай, асосий таркибда майдонга тушган футболчилар ҳам, захирадан қўшилганлар ҳам яхши ҳаракат қилишди.
- Темур ака, йил давомида «Навбаҳор»ни бошқариб келяпсиз ва Суперлиганинг турли жамоаларига қарши ўйнадингиз. Сизнингча, «Нефтчи» бу йил чемпион бўлишга ҳақли равишда яқин турибдими? Умуман, жорий мавсумда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси деб айтиш мумкинми?
- Албатта, таркиб жиҳатидан ҳам, ўйин жиҳатидан ҳам «Нефтчи» яхши кўриниш ҳосил қилди. Айниқса, биринчи даврани яхши ўтказишди. Шунинг учун ҳозир биринчи ўринда туришибди ва менимча, бунга ҳақлилар. Тўғри, айрим ўйинларда мағлуб бўлишган, баъзи учрашувларда ўйинлари чиқмаган бўлиши мумкин. Агар биз ҳам биринчи даврада яхшироқ ўйнаганимизда, ҳозир вазият бошқача бўлиши мумкин эди.
Биласизлар, вилоят ҳокими «Нефтчи»га қанчалик катта эътибор қаратади. Жамоанинг бу даражага етиб келишида унинг ҳиссаси катта. Ҳозир ҳам шундай қўллаб-қувватлаш давом этмоқда.
Умуман, Фарғона футболи сўнгги икки-уч, ҳатто тўрт йил давомида анча ўсди. Инфратузилма ҳам ҳар томонлама ривожланяпти. Бунинг сабаби раҳбарият футболни яхши кўради ва спортни ривожлантириш учун барча шароитларни яратмоқда.
«Нефтчи» ҳозир биринчи ўринда турибди. Бу унинг яхши жамоа эканини кўрсатади. Биз эса биринчи даврада ўзимизга яраша кўп очко йўқотдик. Бунинг сабаблари бор: биринчидан, янги жамоа эдик, иккинчидан, ўз майдонимизда ўйнай олмадик. Кўплаб омиллар очко йўқотишимизга сабаб бўлди. Балки ҳозир бошқача вазиятда бўлишимиз мумкин эди.
Шундай бўлса-да, ишимизда давом этдик. Қийин вазиятлар бўлди, аммо ишончни йўқотмадик. Жамоани шакллантириш, ўйинни йўлга қўйиш жараёнида раҳбариятимиз, вилоят ҳокими ва Шавкат Шакиржонович бизларни доимо қўллаб-қувватлади.
Мухлисларимиз ҳам бизга катта далда беришди. Ўйлайманки, сўнгги ўйинларда яхши натижалар ва чиройли футбол орқали уларни хурсанд қила олдик. Мураббий, футболчи ёки раҳбар учун минглаб мухлисларни хурсанд қилишдан ортиқ қувонч бўлмаса керак. Бу бизга қўшимча мотивация беради. Ўйиндан ўйинга кучайиб бордик. Футболчилар ҳам, мураббийлар штаби ҳам ўсди. Энг муҳими, футболчиларимиз ягона жамоага айланишди.
«Нефтчи» эса кўп йиллардан бери шу мақсад сари ҳаракат қилиб келаётганди. Ўтган йили чемпион бўлишди, бу йил ҳам шу мақсадга яқин туришибди. Энди футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз ҳам охиригача курашамиз.
- Дерби олдидан футбол жамоатчилигида «Навбаҳор» қўшничиликни ўйлаб, «Нефтчи»га ғалабани тақдим этади ва унинг чемпионлигига ҳисса қўшади, деган гап-сўзлар кўп муҳокама қилинди. Бу фикрларга қандай муносабатда бўлдингиз?
- Албатта, биз бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Фарғона футболи ҳам менга бегона эмас. Балки аввал мухлислар орасида қандайдир салбий муносабатлар кўпроқ бўлгандир. Аммо бу йилги ҳолатга қарайдиган бўлсак, ҳар икки жамоа мухлислари бир-бирини яхши қўллаб-қувватлаяпти. Бу жуда яхши ҳолат.
Албатта, майдонда биз рақибмиз, аммо майдон ташқарисида дўстмиз. Бир халқмиз, бир Ўзбекистон фарзандларимиз. Шунинг учун барча ҳиссиёт ва мухлислик фақат ўйин пайтида ўз жамоасини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиши керак.
Водийда «Андижон»нинг ҳам, «Нефтчи»нинг ҳам, «Навбаҳор»нинг ҳам яхши мухлислари бор. Бир-биримизга муносабатимиз доимо яхши бўлиши керак. Ўйин вақтида ҳар ким ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш учун турли чиқишлар, перформанслар уюштириши мумкин. Бу табиий.
Бугун ҳам кўрдингиз, бизнинг мухлисларимиз рақиб жамоани қўллаб-қувватлашди. Бошқа пайтларда «Нефтчи» мухлислари ҳам бизга далда беришади. Бу жуда яхши.
Майдонда эса бундай нарсаларнинг ўрни йўқ. Биз рақибмиз ва ҳар биримиз ўз жамоамиз ҳамда мухлисларимиз олдида бор кучимизни бериб, фақат меҳнат орқали натижага эришишга ҳаракат қиламиз.
- Адашмасак, сиз билан тузилган шартнома шу йил охирида якунланади. Айни пайтда миллий жамоа тизимида ва хориждан ҳам бир нечта таклифлар борлиги айтилмоқда. Наманган томонидан янги шартнома борасида музокаралар бошландими? Келгуси режаларингиз қандай?
- Албатта, таклифлар бор. Лекин ўйлайманки, вилоят ҳокими билан бу ҳақда гаплашдик, келишиб олдик. Насиб қилса, келаси йили ҳам шу ерда фаолиятимни давом эттираман. «Навбаҳор» жамоаси учун меҳнат қиламан.
Йил давомида бир-биримизга анча яқинлашдик, вазиятни кузатдик. Раҳбарият бизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Албатта, бошқа яхши вариантларим ҳам бор. Аммо мен бу ердаги вазиятни тушунтираман: шунча халқ, шунча мухлис бор. Мен уларни хурсанд қилиш учун келганман.
«Навбаҳор» анчадан бери менга таклиф билан чиқиб келаётганди. Мухлисларнинг жамоага бўлган меҳрини билган ҳолда уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишни истадим ва бу ерга келдим. Худога шукр, ҳозир стадионга шунча мухлис келяпти, деярли тўлдиришяпти. Қўллаб-қувватлаш жуда яхши. Уларнинг меҳрини кўрганимдан кейин янада яқинлашдик. Шунинг учун айтганимдек, келишувимиз бор. Насиб қилса, «Навбаҳор»да қоламан.
- Келаси мавсум учун таркибни сақлаб қолиш режаси борми? Агар шундай бўлса, жамоани кучайтириш мақсадида яна кимларни таклиф этишни режалаштиряпсиз? Чемпионлик учун курашиш борасида ҳозирдан қандайдир режалар борми?
- Албатта, ҳаракат қиламиз. Керакли футболчиларни сақлаб қолишга, жамоада олиб қолишга интиламиз. Турли сабаблар бўлиши мумкин, шунинг учун айрим ўзгаришлар эҳтимоли ҳам бор. Янги футболчиларни таклиф қилиш масаласини ҳам кўриб чиқяпмиз, кузатяпмиз. Бу мавсум биз учун ҳам катта мактаб бўлди. Кўп нарсани кўрдик, таҳлил қилдик. Келаси мавсумга янада яхшироқ ва дадилроқ ёндашамиз.
- Сизнинг раҳбарлигингизда «Навбаҳор»нинг кўп йиллик айрим нохуш анъаналари ўзгармоқда. Масалан, «Пахтакор»ни сафарда 30 йил деганда мағлуб этиш, шунингдек, бошқа рақиблар билан ўзаро ўйинларда ижобий натижалар қайд этиш. Яқин ўтмишда, Илҳом Мўминжонов даврида ҳам «Навбаҳор» икки йил давомида Марказий ўйингоҳда мағлубиятга учрамаган эди. Сизнингча, Темур Кападзе бошқарувида яна қандай тарихий натижаларга эришиш мумкин? Ўша анъаналарни янгилаш вақти келдими?
- Тўғрисини айтсам, бу айрим тарихий маълумотлардан ҳатто хабардор ҳам эмасдим. «Пахтакор»ни мағлуб этганимиздан кейин бу тарихий ғалаба бўлганини айтишди. Биз тарихга қараб иш тутмаймиз. Албатта, тарих яхши нарса. Аммо биз ҳар бир учрашувга тайёргарлик кўрамиз ва ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Ҳозирги натижалар ортида катта меҳнат бор. Бу фақат менинг ёки мураббийлар штабининг эмас, футболчилар, раҳбарият ва мухлисларнинг ҳам меҳнати. Мухлисларимиз бизга жуда яхши далда беришяпти, куч бағишлашяпти. Шу сабабдан ҳар бир ғалабада барчамизнинг ҳиссамиз бор, деб бемалол айта оламан. Кимдир кўпроқ, кимдир камроқ ҳисса қўшаётгандир, аммо биз бирлашиб, шундай кучга айландик.
Насиб қилса, охиригача мухлислар билан биргаликда, ягона куч ва бир оила бўлиб ҳаракат қиламиз. Сиз айтган тарихий натижаларни янгилашга ҳам интиламиз. Кубокдами ёки чемпионатдами — бундай натижалар тарихда қолади. Насиб қилса, барчамизга шундай тарихий ғалабаларга эришиш насиб этсин», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.