Остона шаҳрида World Taekwondo финал Гран-при турнири ўтказилади
Остона шаҳрида World Taekwondo финал Гран-при турнири ўтказилади
Қозоғистоннинг Остона шаҳри 28–29 ноябрь кунлари World Taekwondo финал Гран-при турнирига мезбонлик қилади. «Жақсилиқ Ўшкемпиров жанг санъатлари саройи»да ўтказиладиган мусобақалар 2026 йилги Гран-при мавсумига якун ясайди.
Финал Гран-при Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинлари учун рейтинг очколарини қўлга киритишда муҳим имконият ҳисобланади. 2026 йилги World Taekwondo Gala мукофотлари маросими эса 29 ноябрь оқшомида, мусобақаларнинг сўнгги куни Остонada бўлиб ўтади.
Турнир икки кун давом этади. Унда 36 мамлакатдан 128 нафар спортчи ва Бутунжаҳон қочқинлар жамоаси иштирок этади. Мусобақа саккиз вазн тоифасида ташкил этилади: эркаклар −58 кг, −68 кг, −80 кг ва +80 кг; аёллар −49 кг, −57 кг, −67 кг ва +67 кг вазнларда баҳс олиб боришади.
Спортчилар 2026 йил ноябрь ойидаги Олимпия рейтингида ҳар бир вазн тоифаси бўйича кучли 30 таликка киргани ёки 2026 йилда ўтказилган учта Гран-при мусобақасидан бирида олтин ёхуд кумуш медаль олгани учун сараланган. 2026 йилги Гран-при серияси мусобақаларида медаль қўлга киритган жами 63 нафар спортчи иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.
28 ноябрь — мусобақанинг биринчи кунида эркаклар ўртасида −68 кг ва −80 кг, аёллар ўртасида эса −49 кг, −57 кг ва +67 кг вазн тоифаларидаги беллашувлар бўлиб ўтади. Иккинчи куни, 29 ноябрда эса эркаклар −58 кг ва +80 кг, аёллар эса −67 кг вазн тоифасида куч синашади.
2026 йилги World Taekwondo Gala мукофотлари маросимида йилнинг энг яхши спортчилари ва таэквондога ҳисса қўшган инсонлар эътироф этилади. Мукофотлар қаторига йилнинг энг яхши аёл ва эркак спортчиси; йилнинг энг яхши аёл ва эркак ҳаками; йилнинг энг яхши мураббийи; йилнинг энг яхши зарбаси; йилнинг энг яхши миллий аъзо ассоциацияси (MNA) ва бошқа номинациялар киради.