«Барселона» Педро Поррони ҳам ўз сафига қўшиб олишни кўриб чиқмоқда
Каталониянинг «Барселона» клуби ҳимоя марказини кучайтиришдан ташқари, қанот ҳимоячиси трансферини ҳам амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, «кўк-анорранглилар» раҳбариятининг қишки трансферлар ойнасидаги асосий вазифаси тажрибали марказий ҳимоячини сотиб олиш бўлиб қолмоқда.
Жюль Кунде, Эрик Гарсия ва Андреас Кристенсеннинг жароҳатлари туфайли бош мураббий Ханс-Дитер Флик ихтиёрида фақат Пау Кубарси ва Жерар Мартин қолган. Шу сабабли ярим ҳимоячи Френки де Йонг ҳам марказий ҳимоя чизиғида синовдан ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, каталонияликлар январь ойида бозорда манфаатли таклиф пайдо бўлса, яна бир қанот ҳимоячисини ҳам таркибга қўшиб олишни истисно этишмаяпти.
Ҳозирда «Барселона»нинг ҳимоя қанотини кучайтириш борасидаги асосий мақсади Испания терма жамоаси ва Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби ҳимоячиси, 27 ёшли Педро Порро бўлиб қолмоқда.