«Барселона» 44 йиллик тарихий нохуш натижани такрорлади
«Барселона» учун Испания чемпионатининг навбатдаги учрашуви драматик тарзда бошланди. «Вильярреал»га қарши баҳснинг 7-дақиқасига келибоқ каталонияликлар ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиқишга мажбур бўлишди.
Маълум бўлишича, «кўк-анорранглилар» Ла Лига доирасидаги ўйинда дастлабки етти дақиқа ичида икки бор гол ўтказиб юбориши сўнгги марта 1981 йилнинг ноябрь ойида кузатилган. Ўшанда бундай ҳолат «Сарагоса»га қарши баҳсда содир бўлган.
Қизиғи шундаки, ўша даврда ҳам «Барселона» қийин вазиятни бошдан кечираётган эди. Йохан Кройф клубни тарк этган, аргентиналик афсона Диего Марадона эса ҳали жамоа сафига келиб қўшилмаганди.
Бироқ бу сафар каталонияликлар вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлишди. Агар 1981 йилда «Сарагоса» билан дуранг қайд этилган бўлса, «Вильярреал»га қарши баҳсда «Барселона» иродали ғалабага эришди ва Испания чемпионати турнир жадвалидаги пешқадамлигини сақлаб қолди.