FIFPRO Мусиала билан боғлиқ вазият сабаб «Бавария» раҳбариятини танқид қилди
Профессионал футболчиларнинг халқаро касаба уюшмаси — FIFPRO Мюнхеннинг «Бавария» клуби раҳбариятининг Жамол Мусиала шартномаси юзасидан билдирган баёнотларига эътироз билдирди. Ташкилот футболчи жароҳатидан тикланаётган бир пайтда унга нисбатан оммавий босим ўтказилаётганидан хавотирда эканини маълум қилди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, «Бавария»нинг фахрий президенти Ули Ҳёнесс, бош ижрочи директори Ян-Кристиан Дрезен ҳамда собиқ раҳбари Карл-Ҳайнц Румменигге сўнгги кунларда Мусиаланинг шартномаси ва маоши юзасидан фикр билдирган. FIFPRO мазкур чиқишларни футболчи ва унинг вакилларига бўлажак музокаралар олдидан босим ўтказишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаган.
Ташкилот баёнотида футболчининг соғлиғи ва тикланиш жараёни биринчи ўринда туриши кераклиги таъкидланган. FIFPRO фикрича, шартномага оид келишмовчиликлар оммавий ахборот воситалари орқали эмас, балки клуб ва футболчи вакиллари ўртасидаги бевосита музокаралар орқали ҳал қилиниши лозим.
Маълумот учун, Жамол Мусиала «Бавария» ва Германия миллий терма жамоасининг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. Яримҳимоячи жорий мавсумда соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ва жароҳатлар сабаб бир қатор учрашувларни ўтказиб юборган. Унинг клуб билан шартномаси атрофидаги вазият Германия футбол жамоатчилигида кенг муҳокама қилинмоқда.