“Челси”нинг янги ҳужумчиси талончиликка учради
Лондоннинг “Челси” клуби ҳужумчиси Эммануэль Эмега талончилик қурбони бўлди. 23 ёшли нидерландиялик футболчи ўзи билан содир бўлган нохуш ҳодиса ҳақида ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар берган. Бу ҳақда talkSPORT нашри маълум қилди.
Манбага кўра, ҳодиса 21-ноябрь куни “Челси”нинг “Лидс”га қарши учрашувидан сўнг содир бўлган. Дастлабки хабарларда ҳужумчининг мобил телефони ўғирланган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Бироқ Эмега воқеа тафсилотларини, жумладан, талончилик айнан қаерда ва қандай шароитда юз берганини ошкор қилмаган. Футболчи ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаганини таъкидлаган.
“Афсуски, ўйиндан кейин талончилик қурбони бўлдим. Ҳозир аҳволим яхши. Яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади. Қўллаб-қувватлаб, хабар юборган барчага раҳмат”, деб ёзган ҳужумчи Instagram саҳифасида.
Маълумот учун, Эммануэль Эмега 2026-йил ёзида Франциянинг “Страсбур” клубидан “Челси” сафига қўшилган. Нидерландиялик ҳужумчи мавсум бошида сонининг орқа қисмидан олган жароҳати сабаб бир муддат майдондан четда қолган. У “Лидс”га қарши баҳсда Лондон клуби сафидаги илк голини киритган.