“Челси” икки футболчининг трансфери учун 150 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлаши мумкин — ОАВ
Лондоннинг “Челси” клуби таркибни кучайтириш мақсадида икки нафар яримҳимоячини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Жамоа раҳбарияти Франциянинг “Монако” клубида тўп сураётган Ламин Камара ҳамда Англиянинг “Борнмут” футболчиси Алекс Скоттга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда FootballTransfers нашри TEAMtalk маълумотларига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, лондонликлар ҳар икки футболчини жамоанинг узоқ муддатли ривожланиш режасига мос номзод сифатида баҳоламоқда. “Челси” ёш ва истиқболли яримҳимоячилар орқали марказий чизиқдаги рақобатни кучайтиришни мақсад қилган. Эҳтимолий трансферларнинг умумий қиймати 150 миллион евродан ошиши мумкин.
Бироқ футболчиларни қўлга киритиш осон бўлмаслиги кутилмоқда. Уларнинг амалдаги клублари асосий таркиб аъзоларини сотишга шошилмаяпти. Шу сабаб “Челси” раҳбарияти музокаралар давомида катта молиявий талабларга дуч келиши мумкин. Ҳозирча трансферлар бўйича расмий келишувга эришилгани маълум қилинмаган.
Маълумот учун, “Челси” сўнгги йилларда ёш футболчиларни харид қилиш ва уларни узоқ муддатли шартномалар асосида жамоага жалб этиш сиёсатини давом эттирмоқда. Камара ҳамда Скоттнинг эҳтимолий трансферлари клубнинг ушбу стратегиясига мос келади.