Бруно Фернандеш «Манчестер Юнайтед» билан янги шартнома бўйича музокараларни тўхтатди
Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби сардори Бруно Фернандеш жамоа билан янги шартнома имзолаш масаласини вақтинча ортга сурганини маълум қилди. Португалиялик яримҳимоячининг келажаги борасидаги ноаниқлик клубнинг жорий мавсумдаги қийин вазияти фонида юзага келган. Бу ҳақда FootballTransfers нашри хабар берди.
Манбага кўра, 32 ёшли футболчига «Манчестер Юнайтед» томонидан янги келишув таклиф этилган. Бироқ Фернандеш айни пайтда шартнома муддати ёки молиявий шартларни муҳокама қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаяпти. Унинг таъкидлашича, ҳозирги асосий вазифа жамоанинг натижаларини яхшилаш ва клубни аввалги мавқеига қайтаришдан иборат.
Футболчи Sky Sports нашрига берган интервьюсида клуб уни таркибда сақлаб қолиш истагини билдирганини тасдиқлаган. Шу билан бирга, у қарор қабул қилишда фақат маош эмас, балки жамоанинг келгуси спорт мақсадлари ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Маълумот учун, Бруно Фернандеш 2020-йил январь ойида Португалиянинг «Спортинг» клубидан «Манчестер Юнайтед»га ўтган. Унинг амалдаги шартномаси 2027-йил ёзида якунланади, клубда эса келишувни яна бир йилга узайтириш имконияти мавжуд. Италиянинг «Милан» ва «Ювентус» клублари футболчининг вазиятини кузатиб бораётгани хабар қилинмоқда.