“Манчестер Юнайтед”нинг ёш иқтидори “Реал Мадрид”га ўтишга яқин
Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби академияси тарбияланувчиси Жей Жей Габриэль фаолиятини Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоасида давом эттириши мумкин. Мадридликлар ёш футболчининг трансфери бўйича музокараларни якуний босқичга олиб чиққан. Бу ҳақда FootballTransfers нашри инсайдер Фабрицио Романога таяниб хабар берди.
Манбага кўра, Габриэль ўз фаолиятини “Реал Мадрид”да давом эттиришга қарор қилган. “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти ҳам футболчининг танловидан хабардор бўлиб, унинг клубдан кетишига тайёргарлик кўрмоқда. Томонлар трансферни расмийлаштириш учун зарур масалаларни муҳокама қилишда давом этмоқда.
Романонинг таъкидлашича, икки клуб ўртасида дастлабки музокаралар ўтказилган ва яқин кунларда мулоқот давом эттирилиши кутилмоқда. Футболчи Мадридда бўлиб тургани айтилмоқда. Шунга қарамай, трансфер бўйича якуний келишув ҳозирча расман эълон қилинмаган.
Маълумот учун, Жей Жей Габриэль “Манчестер Юнайтед” академиясининг истиқболли ёш футболчиларидан бири сифатида эътироф этилади. “Реал Мадрид” сўнгги йилларда ёш иқтидорларни ўз сафига қўшиб олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Габриэлнинг эҳтимолий трансфери ҳам клубнинг келажакка йўналтирилган стратегияси доирасида кўрилмоқда.