Жавоҳир Синдаров учун Женевага икки нафар махсус ошпаз жалб этилди
Швейцариянинг Женева шаҳрида шахмат бўйича жаҳон тожи учун кураш олиб бораётган Жавоҳир Синдаровга яратилган шароитлар хорижий матбуот эътиборини тортмоқда. Ҳиндистоннинг The Indian Express нашри ҳамюртимиз учун ташкил этилган махсус хизматлар ҳақида мақола эълон қилди.
Нашрга кўра, Ўзбекистон шахмат федерацияси Синдаров ва унинг жамоасини миллий таомлар билан таъминлаш мақсадида Европанинг икки мамлакатидан ўзбекистонлик ошпазларни Женевага жалб қилган. Улар жаҳон чемпионлиги баҳси давомида делегация учун таом тайёрлаб беришади.
Ўзбекистон шахмат федерациясининг халқаро алоқалар бўлими раҳбари Саидмурод Дилмуродов нашрга берган интервьюсида овқатланиш спортчининг кайфиятига ҳам таъсир қилишини таъкидлаган. Синдаровнинг ўзи эса турли халқларнинг таомларини истеъмол қилишда муаммоси йўқлигини айтган.
Маълумот учун, Жавоҳир Синдаровга Женевадаги баҳс давомида гроссмейстерлар Никита Витюгов ва Муҳиддин Мадаминов ёрдам бермоқда. Ҳамюртимизни қўллаб-қувватлаш учун унинг бобоси Комил Синдаров ҳам Швейцарияга етиб борган.