locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Жавоҳир Синдоров учун Женевага икки нафар шахсий ошпаз олиб келинди

Шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб борадиган Жавоҳир Синдоровнинг жамоаси Женевaдаги барча шароитларни олдиндан ҳисобга олган.
Эксклюзив янгиликлар
Жавоҳир Синдоров учун Женевага икки нафар шахсий ошпаз олиб келинди
photo: IndianExpress

Шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб борадиган Жавоҳир Синдоровнинг жамоаси Женевадаги барча шароитларни олдиндан ҳисобга олган. Ўзбекистон шахмат федерацияси 20 ёшли гроссмейстер ва унинг жамоаси учун Европанинг турли мамлакатларида фаолият юритувчи икки нафар ўзбек ошпазини Швейцарияга таклиф қилган.

2004 йилда Рустам Қосимжонов FIDE жаҳон чемпионлигини қўлга киритганидан буён илк бор ўзбекистонлик гроссмейстер жаҳон тожини эгаллаш имкониятига эга бўлди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон шахматда дунёнинг етакчи мамлакатларидан бирига айланди. Мамлакатимиз сўнгги учта шахмат Олимпиадасининг иккитасида, жумладан, жорий йилда ҳам олтин медални қўлга киритди. Энди эса яна бир жаҳон чемпионининг етишиб чиқиши Ўзбекистон шахмати учун тарихий натижа бўлиши мумкин.

Ўзбекистон шахмат федерациясининг халқаро алоқалар бўлими раҳбари Саидмурод Дилмуродов «The Indian Express» нашрига берган интервьюсида ошпазларни Женевага таклиф қилиш сабабларини тушунтирди.

«Ўзбекистон ҳукумати шахматни қўллаб-қувватлайди. Айниқса, ушбу учрашув учун спортга катта миқдорда маблағ ажратилган. Овқатланиш спортчининг кайфиятига бевосита таъсир қилади. Шу сабабли жамоамизнинг яхши шароитда бўлишини таъминлаш ва ўзимизни уйимиздагидек ҳис қилишимиз учун Европада фаолият юритаётган икки нафар энг яхши ўзбек ошпазини бу ерга таклиф қилдик.

Биз, ўзбеклар, миллий таомларимизни яхши кўрамиз. Биз учун ўзбек таомларидан яхшиси йўқ», – деди Дилмуродов.

Қизиғи, Синдоров жаҳон чемпионлиги учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида таом танлаш борасида ҳеч қандай чеклови йўқлигини айтганди.

«Жамоамиз учун ҳар куни овқат тайёрлайдиган махсус ошпазимиз бор. Ҳукуматимиз ошпазларни олиб келди. Мен ҳар қандай миллат таомларини истеъмол қила оламан. Бу борада фарқи йўқ. Агар бир куни япон таомларини тановул қилишни истасам, бундан ҳам хурсанд бўламан. Мен учун бу унчалик муҳим эмас. Ҳар қандай таомдан мамнунман», – деган эди Синдоров.

Гукеш жамоаси ҳам овқатланиш масаласини ҳал қилган

Синдоровнинг рақиби, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу жамоаси ҳам Женевада унинг овқатланиши учун шароит яратган. Унга шаҳарда истиқомат қилувчи ҳинд диаспораси вакиллари уй таомларини тайёрлаб беришади.

Жаҳон чемпионлиги учрашувларида шахсий ошпаз хизматидан фойдаланиш янгилик эмас. Беш карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳам муҳим мусобақалар вақтида ўз ошпази Магнус Форсселлни ўзи билан бирга олиб юрган.

Жавоҳир Синдоров Женевага катта делегация билан ташриф буюрган. Унинг жамоасида икки нафар секундант – Муҳиддин Мадаминов ва Никита Витюгов ҳам бор. Шунингдек, делегация таркибида гроссмейстернинг бобоси, Ўзбекистон шахмат федерацияси вице-президенти Комил Синдоров ҳам мавжуд. У шахматга катта қизиқиши билан танилган.

«Жавоҳирнинг айрим оила аъзолари ва дўстлари аллақачон Женевага етиб келишган, яна бир қисми кейинроқ келиши кутилмоқда. Улар Жавоҳирни жуда яхши қўллаб-қувватлайди. Биз уларнинг спортчига яқинлиги унинг кайфиятига ижобий таъсир қилишига ишонамиз. Ўзбекистон ундан катта натижа кутмоқда. Умид қиламизки, у жаҳон чемпионлиги тожини қўлга киритади.

Бу йил биз учун энг муҳим воқеа – Жавоҳир ва Гукеш ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учрашуви. Европанинг турли мамлакатларидан кўплаб ўзбекистонликлар Жавоҳирни қўллаб-қувватлаш учун келишади», – дея қўшимча қилди Дилмуродов.

Мусобақанинг маҳаллий ташкилотчиси бўлган Швейцария шахмат федерацияси вакилининг маълум қилишича, Ўзбекистондан қарийб 100 кишига таклифнома юборилишига кўмаклашилган. Бу эса мамлакатимизда шахматга бўлган қизиқиш нақадар юқори эканини кўрсатади.

Ўзбекистонда ҳам мухлислар учун махсус шароит яратилган. Тошкентдаги Вебстер университетида Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан мухлислар зонаси ташкил этилган. У ерда шахмат ишқибозлари Жавоҳир Синдоров ва Гукеш ўртасидаги партияларни ўзбек тилидаги жонли шарҳлар орқали биргаликда томоша қилишлари мумкин.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг