Гукеш шу кунгача Синдаровни классик шахматда бирор марта ҳам мағлуб этмаган
Шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик гроссмейстер Гукеш Доммаражу профессионал фаолияти давомида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдаровни классик шахматда бирор марта ҳам мағлуб этмаган. Бу ҳақда World Chess нашри хабар берди.
Манбага кўра, икки гроссмейстер жаҳон чемпионлиги матчига қадар классик шахматда уч бор ўзаро тўқнаш келган. Ушбу партияларнинг иккитасида Синдаров ғалаба қозонган бўлса, яна бир баҳс дуранг билан якунланган.
Ҳамюртимиз 2018 йилда Moscow Open ҳамда 2022 йилда Sharjah Masters турнирларида ҳиндистонлик гроссмейстердан устун келган. Уларнинг классик шахматдаги сўнгги тўқнашуви 2026 йилнинг январь ойида Tata Steel Chess турнири доирасида бўлиб ўтган ва дуранг билан якунланган.
Маълумот учун, Синдаров ва Гукеш ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учун матч 14 та классик партиядан иборат бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган гроссмейстер жаҳон чемпионига айланади. Ҳисоб 7:7 бўлган тақдирда эса ғолиб тай-брейкда аниқланади.