«Барселона» Флорентино Пересга қарши судга мурожаат қилди
Каталониянинг «Барселона» клуби Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Пересдан Негрейра иши бўйича билдирган айбловларини қайтариб олишни талаб қилмоқда. Томонлар 25 ноябрь куни Мадрид судида учрашиши белгиланган. Бу ҳақда Испаниянинг Mundo Deportivo нашри хабар берди.
Манбага кўра, можаро Переснинг 12 май куни ўтказган матбуот анжумани ва эртаси куни La Sexta телеканалига берган интервьюсидан сўнг бошланган. Мадрид клуби президенти Негрейра ишини футбол тарихидаги энг йирик можаро сифатида баҳолаб, каталонияликларни коррупцияда айблаган.
«Барселона» президенти Жоан Лапорта ва клуб ҳуқуқшунослари мазкур баёнотлар жамоанинг обрўсига жиддий путур етказганини таъкидламоқда. Агар Перес ўз айбловларини қайтариб олмаса, каталонияликлар унга нисбатан туҳмат бўйича жиноий тартибда шикоят киритиши мумкин.
Маълумот учун, Негрейра иши «Барселона»нинг 2001–2018-йилларда Испания ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейра билан боғлиқ компанияларга амалга оширган тўловлари юзасидан олиб борилаётган тергов билан боғлиқ. Клуб ўзига нисбатан илгари сурилган коррупция айбловларини рад этиб келади.