locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Мирко Еличич: «Мен Моуриньо эмасман»

«Локомотив» бош мураббийи дербидаги ғалаба, Жасур Яхшибоев ва бошқа мавзуларда журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Футбол
Мирко Еличич: «Мен Моуриньо эмасман»
photo: Lokomotiv fk

«Локомотив» клуби «Пахтакор»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўйиндан кейин «Локо» бош мураббийи Мирко Еличич матбуот анжуманида қатнашди.

- Аввало, ўйинни яна қийин бошлаганимизни айтишим керак. Гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳам ўз ўйинимизни топиш осон бўлмади. Бироқ бугун жамоамизнинг характерини кўрдик. Бу лигада ўйнаш учун фақат футболчиларнинг маҳорати эмас, характер ҳам муҳим. Айниқса, сифатли футболчилар кўп бўлмаган шароитда жамоавий характер катта аҳамият касб этади.

Бизнинг жамоамизда айнан шу жиҳат бор. Қийин вазиятларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз, жамоа бўлиб ҳаракат қиламиз. Бугун ҳам буни кўрсата олдик. Йигитлар ғалабага муносиб ҳаракат қилишди. Бугунги ғалабани ҳақли равишда қўлга киритдик.

- Жасур Яхшибоев ҳақида. У жуда иқтидорли футболчи, бироқ характери анча оғир. Биринчи бўлимда жуда яхши ўйнади, кўп меҳнат қилди. Иккинчи бўлимда эса чарчагани сезилди. Сиз уни алмаштиришингиз мумкин эди. Бу вазиятда икки хил йўл бор: чарчаган футболчини алмаштириш ёки майдонда қолдириб, яна бир хатоси учун қизил карточка олиш хавфини ўз зиммангизга олиш. Масалан, Абдумажидов билан боғлиқ вазиятда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Сиз Билолни алмаштирдингиз ва Жасурни майдонда қолдирдингиз, у гол урди. Мураббий сифатида бу вазиятларни қандай баҳоладингиз?

- Биз ҳар бир футболчининг ҳолатини кузатиб борамиз. Энг аввало, рақибга босимни давом эттириш учун кимнинг имконияти кўпроқ эканини баҳолаймиз. Билол, албатта, жуда кўп меҳнат қилади, жамоага ёрдам беради.

Бироқ айрим муҳим вазиятларда у янада яхшироқ қарор қабул қилиши керак. Айниқса, ҳужумнинг ҳал қилувчи палласида. У яхши позицияларга чиқади, аммо якуний қарорларда баъзан аниқлик етишмайди. Шу жиҳатдан унинг ўйинини янада яхшилаш мумкин. Рақиб чарчаган пайтда эса бундай футболчининг имкониятлари янада ортади. Билолнинг майдонда қолиши ҳам шу нуқтаи назардан баҳоланди.
Биз Жасурнинг интизоми масаласига келсак, биз у билан гаплашдик. У вазиятни яхши тушунади. Унга жамоанинг олдида бошқа вазифалар ҳам борлигини тушунтирдик. Ҳар қандай провокацияга берилмаслик, ҳиссиётларни назорат қилиш кераклигини айтдик. У буни тўлиқ англади ва майдонда шунга амал қилишга тайёр эди. Бугун у ўзини яхши ҳис қилди, вазиятни тўғри баҳолади. Биз унга ишондик ва бу ишонч ўзини оқлади.

- Чемпионатнинг якунига ҳам оз қолди. Яқин орада журналистлар ва ПФЛ томонидан мавсумнинг энг яхшилари — энг яхши футболчи, мураббий ва жамоа аниқланади. Агар Темурхўжа Абдуҳолиқов энг яхши футболчи номинациясига киритилса, унинг жамоа ўйинига таъсирини ҳисобга олган ҳолда, бунга қандай қарайсиз?

- Бу фақат унинг мавсум давомида нима қилгани билан эмас, балки қандай барқарор ўйнагани билан ҳам боғлиқ. Футболчи бир-икки марта ажойиб гол уриши, бир нечта ўйинда яхши ҳаракат қилиши мумкин. Аммо ҳар бир учрашувда юқори савияни намойиш этиш жуда қийин.

Барқарорлик — энг муҳим жиҳатлардан бири. Бу футболчи бутун мавсум давомида юқори савияда ўйнаган бўлса, буни алоҳида эътироф этиш керак. Бундай барқарорликни фақат кучли ва сифатли футболчиларгина сақлаб қола олади.
Мен уни анчадан бери биламан, имкониятларидан ҳам хабардорман. Унга фақат шу даражани сақлаб қолишни тилайман. Чунки узоқ вақт давомида юқори савияда ўйнаш осон эмас. Худо хоҳласа, келгусида ҳам шундай давом этади.

- Энг яхши мураббий номинацияси ҳақида нима дейсиз?

- Буни мен ҳал қилмайман. Бу масалани бошқалар ҳал қилишади. Мен Моуриньо эмасман (кулади). Ҳа, менга футболдан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Мен учун энг муҳими — жамоамнинг майдонда яхши ўйнаши. Шундай даврлар ҳам бўлган: жамоа билан Кубокда ғолиб бўлганмиз, чемпионатда ҳам юқори натижаларга эришганмиз, Кубокнинг кейинги босқичларига чиққанмиз, Осиё кубогида ҳам иштирок этганмиз. Шунга қарамай, мен ўзимни энг яхши мураббий деб ҳисоблашингизни талаб қилмайман.

Менга футболчиларнинг ишончи ва ҳурмати муҳим. Улар менинг олдимга келиб, биргаликда ишлаганимиз учун раҳмат айтишса, бу мен учун катта аҳамиятга эга. Фақат бугунги натижалар эмас, балки аввалги йилларда бирга ишлаган футболчиларнинг ҳам ҳурмати мен учун қадрли. Баъзан улар бугунги ўйинларда қатнашмаслиги мумкин, аммо улар билан бирга меҳнат қилганимизни эслаб, миннатдорчилик билдиришади. Мен учун энг катта мукофот шу.

- Бугун Анзур Исмоиловнинг футболчилик фаолияти якунлангани эълон қилинди. Биринчи даврадайоқ у фаолиятини якунлаши мумкин эди. Бироқ сизнинг фикрингиз ва таъсирингиздан кейин футболда қолди. Агар яна ўйнаётганида у жамоага ёрдам бериши мумкинмиди?

- Бу ерда бир нечта жиҳат бор. Ҳар бир инсоннинг футболдан ташқари ҳам ўз вазифалари ва ҳаётдаги мақсадлари бўлади. Унинг ҳам шундай масъулиятлари бор эди. Маълум бир вақтда унинг олдида бошқа вазифалар пайдо бўлган. У футболдан ўзига тегишли бўлган барча нарсани олган, деб айтиш мумкин. У ўттиз йилдан ҳам кўпроқ жуда яхши савияда ўйнай олади. Бунинг ўзи катта ҳурматга лойиқ.

Албатта, вақт ўтиши билан ёш, жисмоний ҳолат ва бошқа омиллар ўз таъсирини кўрсатади. Менимча, унда ҳам шундай давр келган. Аммо у бизга мавсум охиригача ёрдам бера олади. Унинг сифати ва тажрибаси бунга етади. Бу борада ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман.

- Сўнгги савол. Энди Кубок ярим финалида ҳам иштирок этасизлар. Мавсум якунига қадар ўйинлар тақвими жуда зич. Сиз эса аввал ҳам зич тақвимда ўйнаш футболчилар учун қўшимча муаммо эмаслигини таъкидлагансиз. Тўрт кун ичида жамоани навбатдаги учрашувга қандай тайёрлайсиз? Руҳий ва жисмоний тикланиш масаласи ҳам муҳим. Айрим мураббийлар ҳар уч кунда ўйнаш футболчиларда чарчоқ ва жароҳатларга сабаб бўлишини айтишади. Сиз эса бу фикрга қўшилмайсиз. Бу борадаги ёндашувингиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Биласизми, бу муаммо кўплаб жамоаларда бор. Мавсум олдидан футболчилар жуда яхши тайёргарлик кўришади. Кўпчилиги кунига икки марта машғулот ўтказади, залда ҳам ишлайди. Кейин мавсум бошланади ва улар шу тайёргарлик давомида тўплаган имкониятларидан фойдаланишади.
Биз мавсум бошида қандай ишлаган бўлсак, ўша ҳолатни мавсум охиригача сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Орқага чекиниш керак эмас. Футболчиларимиз кунига икки марта машғулот ўтказишга ҳам, ҳар икки-уч кунда ўйнашга ҳам тайёр бўлишлари керак.

Шундай экан, мавсум давомида ҳар уч кунда ўйнаш улар учун мутлақо кутилмаган ҳолат бўлмаслиги лозим. Биз футболчиларни бунга олдиндан тайёрлаймиз. Албатта, дам олиш ҳам керак. Аммо ҳар сафар ўйинлар кўпайганда чарчоқни баҳона қилиб, машғулотлардан воз кечиш тўғри эмас. Ҳар бир шароитда ўз ишимизни давом эттиришимиз зарур», - дея Еличичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг