Камолиддин Тожиев: «Ҳозирча асосан яримҳимоячиларимиз гол уряпти»
«Локомотив» - «Пахтакор» (2:1) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида «Пахтакор» бош мураббийи Камолиддин Тожиев иштирок этди.
- Ассалому алайкум. Ўйинни яхши бошладик, тезкор гол урдик. Аммо голдан кейин бироз ўйин назоратини қўлдан чиқариб қўйдик. Биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида «Локомотив» устунлик қилди. Иккинчи бўлимни ҳам яхши бошладик, вазиятлар яратдик. Аммо ўз дарвозамиздан иккита гол ўтказиб юбордик. Шунга қарамай, курашдик. Ҳозир жамоамизда асосий таркибдан 11 нафар футболчи бор, уларнинг айримлари миллий жамоадан энди қайтиб келишди. Уч кунда бир ўйин ўтказиш, миллий жамоа йиғинларидан кейин яна майдонга тушиш осон эмас. Футболчиларимиз кетма-кет иккита ўйин ўтказишди. Эртага яна йўлга чиқишимиз керак. Икки марта 17 соатдан йўл юрдик, икки кундан кейин яна ўйнаймиз. Бундан ташқари, жароҳат олган футболчиларимиз ҳам кўпайиб кетди. Бугун охиригача курашдик, аммо иккита гол ўтказиб юбордик.
- Саволимни провокацион деб қабул қилманг. Бу йил «Пахтакор»нинг бугунгидек кўп ҳимояланиб ўйнаганини кузатмаган эдим. Бугунги баҳсни жамоанинг мавсумдаги энг кўп ҳимояланиб ўйнаган учрашуви, деб айтиш мумкинми?
- Йўқ, биринчи бўлимда шундай ҳолат юз берди. Аввал ҳам айтганимдек, футболчиларимиз анчадан бери жуда зич тақвимда ўйнашяпти. Ҳар уч кунда ўйин, узоқ йўллар... Буларнинг барчаси йиғилиб қолади. Шунинг учун бироз чарчоқ сезилди. Шунга қарамай, яхши ўйнадик, аммо иккита гол ўтказиб юбордик.
- Ҳисоб бўйича ҳам, ўйиннинг боришига кўра ҳам «Пахтакор» ташаббусни бериб қўйди. «Локомотив» учун катта муаммо туғдириши мумкин бўлган хавфли вазиятлар ҳам кўп эмасди. Аслида, рақиб дарвозаси олдидаги вазиятлар сони ҳам кам бўлди. Шунга қарамай, тезкор гол ўтказиб юбордингиз. Бу вазиятни қандай изоҳлайсиз?
- Ҳа, мен ҳам биринчи бўлимдан кейин футболчиларга шу ҳақда айтдим. Тезкор гол урганимиздан кейин ҳисобни сақлашга ҳаракат қилдик, натижада ўйинимиз ўзгариб кетди. Бундай ўйнаш керак эмас. Барибир рақиб қандайдир вазият яратиши, бирор имкониятдан фойдаланиши мумкин. Агар ташаббусни бериб қўйсангиз, рақибда вазиятлар кўпайиши табиий. Иккинчи бўлимда майдонга чиқиб, иккита яхши вазият яратдик. Аммо улардан фойдалана олмадик ва ўзимиз ҳам иккита гол ўтказиб юбордик.
- Яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман: Фламарион урган голни олайлик — у вазият 1 фоизли имконият эди, ақл бовар қилмас зарба ва гол бўлди. Лекин Ойбекда 70 фоизли, Фламарионнинг ўзida иккинчи бўлимда 60 фоизли вазиятлар бўлди. Голли вазиятлар кўкка совурилиб, голли бўлмаган вазиятдан шундай гол урилишини қандай изоҳлаш мумкин?
- Ҳа, гол ҳақиқатан ҳам жуда чиройли чиқди. Фламарионнинг очилиши ва зарбаси ҳам жуда яхши бўлди. Баъзан футболда шундай ҳолатлар кузатилади. Биз мавсум бошидан буён кўп вазиятлар яратяпмиз, лекин улардан фойдалана олмаяпмиз. Бу борада омадимиз ҳам келмаяпти. Бугун ҳам шундай бўлди.
- Ўтган мавсумни эслайман: ҳужумчилар вазиятлардан фойдаланиб, гол уришарди. Ҳозир эса вазиятлар бор, аммо голлар кам. Масалан, Осиё Чемпионлар лигасида ҳам олтита вазиятдан битта гол уриш ҳолатлари кузатилмоқда. Мени энг кўп хавотирга солаётгани ҳам шу — айниқса, Чемпионлар лигасида. Игорь Сергеев ўтган мавсумда бошқача ўйнаганди. Унинг қайтиши эҳтимоли борми?
- Ҳозирча унинг амалдаги шартномаси бор. Агар қайтишни истаса, бу масалани кўриб чиқишимиз мумкин. Сергеевнинг ўз маҳорати, обрўси бор. Биз ҳар доим ўз ишимиз учун ўзимиз жавоб берамиз. Аммо ҳозирча унинг бошқа клуб билан шартномаси бор.
- Башар Ресаннинг ҳолати ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
- Энди кўрамиз. Менимча, у ўйинни ўтказиб юборади.
- Бугунги мағлубиятдан кейин «Пахтакор»нинг чемпионлик учун курашдаги имкониятлари янада камайди. Жамоа кетма-кет ғалабаларга эриша олмаяпти. Бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман: март-апрель ойларидан буён деярли бир хил ҳолат такрорланяпти. «Пахтакор» ўйинни яхши бошлайди, кейин эса иккинчи бўлимда нимадир содир бўлади ва очколар йўқотилади. Сизнингча, бунда асосий айб кимда? Мураббий сифатида сиз танқидни қабул қиласизми ёки бу жамоа ичидаги бошқа муаммолар билан боғлиқми?
- Бизда бир йилдан бери ҳужумчи масаласи бор. Биринчи даврада ҳам шундай бўлган, иккинчи даврада ҳам бу муаммо сақланиб қоляпти. Ҳужумчимиз гол урмаса, жуда қийин бўлади. Барибир орқада гол ўтказиб юборишингиз мумкин. Шундай экан, ҳужумчиларимиз ҳам ўз имкониятларидан фойдаланишлари керак. Ҳозирги вазиятда ҳужумчиларимиз гол уриши жуда муҳим. Агар улар гол урмаса, ким уради? Ҳозирча асосан ярим ҳимоячиларимиз гол уряпти. Бу борада ишлашда давом этяпмиз», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.