Саидазамат Мирсаидов: «Биз эса майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, рақибни мағлуб этиш»
"Навбаҳор" ҳимоячиси Саидазамат Мирсаидов Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган "Динамо"га қарши учрашув олдидан ўз фикрларини билдирди.
25 ёшли футболчи Самарқанд жамоасини кучли рақиб сифатида баҳолаб, Вадим Абрамов бошқарувидаги "Динамо" жорий мавсумда яхши натижалар кўрсатаётганини таъкидлади.
"Бўлажак рақиб борасида тўхталадиган бўлсам, "Динамо" "чақилмас ёнғоқ" бўлган жамоалардан бири. Клубни мамлакатимизнинг таниқли ва тажрибали мутахассисларидан бири Вадим Абрамов бошқармоқда. Унинг қўл остида самарқандликлар жорий мавсумда яхши натижалар қайд этишмоқда.
Шу боис, пайшанба оқшомидаги ўйинда ҳам "Динамо" бизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилади. Беллашув кескин курашлар остида ўтиши эҳтимоли юқори.
Биз эса майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, рақибни мағлуб этиш ва мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Ишқибозларимиз стадионни тўлдириб, жамоамизни муносиб қўллаб-қувватлашади, деган умиддаман", — деди Мирсаидов.