Камолиддин Тожиев: «Бу йил озгина етмади»
«Пахтакор» клуби Навоийда «Қизилқум» устидан 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ушбу учрашувдан кейин «Пахтакор» бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйинни яхши бошладик. 1-дақиқадан то 90-дақиқагача ўйин бизнинг қўл остимизда ўтди. Имкониятлардан фойдаландик. Жароҳат олган футболчиларимиз кўп. Шунга қарамасдан, ёшларимиз майдонга чиқишди ва улар йўқолиб қолишмади, жамоага ёрдам беришди. Охиригача курашишгани учун йигитларга раҳмат айтаман. Бу ғалаба биз учун муҳим эди.
- Параллел равишда «Нефтчи»нинг ўйинини кўриб бордингизми?
- Йўқ. Энди кириб кўрдим.
- «Пахтакор» қайси паллада чемпионлик курашидан чиқиб кетди, деб ўйлайсиз? Ўзаро ўйиндан кейинми ёки ундан сўнг ҳам имконият бор эдимиди?
- Ўзаро ўйинда деса бўлади. Бундан ташқари, кўп жойда очколарни йўқотгандик.
- Ўйин қайдномасида Айман Ҳусайн йўқ эди. Бунинг сабаби нимада? Ёки клубдан кетдими?
- Йўқ, Айман Ҳусайн бор. Айтяпман-ку, 7 нафар футболчимиз жароҳатда. Улар Тошкентда қолди, жароҳатидан тикланяпти.
- «Пахтакор» мухлислари жамоадан доим чемпионликни талаб қилишади. Аммо қаторasига икки мавсумдан бери чемпионликни қўлга кирита олмаяпти.
- Ўтган йили пастроқда эдик, кейин иккинчи ўринни олиб, Кубокни ютдик. Бу йил озгина етмади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
- Чемпионлик йўлида селекцияда хатолар бўлдими ёки бошқа сабаблари борми?
- Йўқ, селекцияда эмас. Бошқа сабаблар. Ҳа, ҳужумда озгина оқсадик, аммо бошқа омиллари ҳам бор», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.