locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Темур Кападзе: «Коджога вақт керак, бизда вақт йўқ, бизга натижа ҳозир керак»

«Навбаҳор» устози «Динамо»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Темур Кападзе: «Коджога вақт керак, бизда вақт йўқ, бизга натижа ҳозир керак»
photo: Navbahor FK
Ўзбекистон Суперлигаси
17.09.2026, Як.
Навбаҳор
3
Динамо
2

Темур Кападзе: «Коджога вақт керак, бизда вақт йўқ, бизга натижа ҳозир керак»

«Навбаҳор» устози «Динамо»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.

«Навбаҳор» клуби Суперлиганинг 22-турида Наманганда «Динамо»ни қабул қилди. Биринчи бўлимдан кейин ҳисоб 3:2 эди ва якунда ушбу натижа ўзгармади. Шу тариқа, наманганликлар яна ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг мезбонлар устози Темур Кападзе матбуот анжуманида саволларга жавоб берди.

- Бугунги ғалаба билан «Навбаҳор» мухлисларини табриклайман. Нафақат уйда, балки ҳар доим ишқибозларимиз бизни яхши қўллаб-қувватлашяпти. Ҳар бир ғалабада уларнинг ҳам ҳиссаси катта. Ўйинга келадиган бўлсак, қийин учрашув бўлди. «Динамо» осон рақиб эмас. Албатта, хатолар бўлди, кераксиз жойда голлар ҳам ўтказиб юбордик. Лекин куч топиб, гол урдик, олдинга чиқдик. Ундан кейин ҳам яна имкониятларимиз бор эди. Асосийси, ғалаба қозондик, уч очкога эга бўлдик. Энди кичик таътилга чиқамиз ва кейин тайёргарликни бошлаймиз.

- Дарвозабоннинг ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?

- Бундай хатолар бўлмаслиги керак. Лекин бўлиб туради. Ўткир барибир бундай вазиятларда яхшироқ ҳаракат қилиши керак. Хатосиз футбол бўлмайди. Яхшиямки, биз керакли голларни уриб, олдинга чиқиб олдик. Барча голлар биринчи таймда урилди. Иккинчи таймда ҳам яхши вазиятларимиз бўлди, айниқса, Ҳусайн Норчаевда, у ҳал қилиши керак эди. Умуман олганда, биз яхшироқ ўйнадик ва кучлироқ эдик.

- Захирадаги дарвозабон Шукрон Йўлдошевга ҳам имконият берилса бўлармиди?

- Бўлади. Кўряпсизлар, ҳар бир ўйин қийин ва финалга тенг. Анчадан бери турмаган дарвозабонни синаб кўришда нимани кутишни билмаймиз. Вақти келади. Албатта, унинг қандай дарвозабон эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Жамоамиздаги ҳар бир ўйинчи фойда келтириш учун ҳаракат қилади.

- Бошида раҳбарият томонидан клуб олдига чемпионлик ёки Кубок ҳақида аниқ вазифа қўйилмаган дегандингиз. Ҳозир эса жамоа кучли учликда ва Кубокда ҳам юришини давом эттиряпти. Ҳозирги вазиятдан кейин мақсадлар ўзгариши мумкинми ёки ўзгардими?

- Биринчи навбатда, бошида биз ҳам, раҳбарият ҳам реал қараганмиз. Жамоада 90 фоиз янги футболчилар жамлангандади. Бошидан катта мақсад қўйиш мантиққа тўғри келмасди. Лекин раҳбарият ҳам, мен ҳам билардикки, ҳар бир учрашувда ғалаба учун чиқамиз. Ютқазишни яхши кўрмаймиз. Ҳар ўйинда курашаяпмиз, ҳозир кўрганингиздек, турнир жадвалида ўйиндамиз. Чемпионатда ҳам, Кубокда ҳам охиригача курашамиз. Қолганини вақт кўрсатади. Асосийси, очколаримизни йўқотмасдан охиригача тўплашимиз керак. «Навбаҳор» ҳар доим олдига юқори мақсадлар қўяди, шунга интилади. Ҳар томонлама катта оилага айландик. Ўйлайманки, қизиқарли учрашувлар ҳали олдинда.

- Наманганлик мухлислар ва журналистлар Ўткир Юсуповнинг фаолиятидан хурсанд эмасдек кўринишяпти. Лекин маҳаллий ишқибозларнинг таркибдан нолишлари асоссиз. «Динамо» тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири бўлган Коджо эса бугун «Навбаҳор» захирасида ўтирибди. Коджо захира ҳужумчиси сифатида сотиб олинганмиди?

- Коджо жароҳат олганидан кейин унга ўзига келиши учун вақт бердик. Имконият ҳам бердик. Албатта, бизда танлов бор. Ким яхшироқ, фойдалироқ бўлса, ўшани қўямиз. Бу рақобат, нормал. Коджо жамоамиз аъзоси. У ҳам ҳиссасини қўшяпти. Яна ўйинларимиз бор, чиқади, ҳиссасини қўшади. Бизда асосий таркиб деган нарса йўқ. Мен муаммо кўрмаяпман, соғлом рақобат. Ўтган учрашувда Шоҳруҳ унинг ўрнига чиқиб, гол урди, бугун ҳам адашмадик. Сиз ўрнимда бўлганингизда нима қилардингиз?

- Норчаев, Шоҳруҳ ва…

- Шунинг учун муаммо йўқ. Шунақа ўйинчиларимиз борлигидан хурсандмиз. Қадрлаймиз, ҳар бирига албатта имконият бўлади. Кимдир захирадан, кимдир асосий таркибда чиқади. Жамоа учун ҳар бири 15 ёки 90 дақиқа бўладими, борини беришга тайёр. Албатта, қаердадир хафа бўлишлари мумкин, бу оддий нарса. Энг муҳими, жамоамизнинг ғалабаси. Бу Коджонинг ҳам жамоаси. Уни қандай ўйнашини яхши биламиз. Узоқ муддатли жароҳатдан кейин энди қайтди, унга вақт керак. Аммо бизда вақт йўқ. Бизга натижа ҳозир керак. Ким тайёр ва фойдалироқ бўлса, ўшани бошидан туширяпмиз.

- Нима учун таянч зонасидаги Шоҳруҳ Абдураҳмоновни марказий ҳужумга қўйдингиз? Бу топилмами ёки мажбурийликдан қилганмидингиз?
- Танловимиз бор эди. Норчаевда озгина жароҳат борлиги учун ўтган учрашувда ўйнамади. Ҳозир яхши тикланди. Коджо варианти ҳам бор эди. Шоҳруҳни бундан олдин Кубокда ҳам ўйнатганмиз. Менимча, ҳужумда ўзини яхши ҳис қиляпти. Ўтган учрашувда яхши ўйнагани учун бу сафар ҳам шу ерга қўйдик. Имкониятини билган ҳолда яхши ҳаракат қилди. Менимча, анча-мунча ҳужумчилардан фойдалироқ ҳаракат қилди. Албатта, сизларга ташқаридан қараганда униси ёки буниси бор экан, дейсизлар. Мен ҳар куни жамоа билан, футболчилар биланман. Машғулотларда ким қандай формада эканини кўряпман. Бугунги кунга ким қандай тайёрлигига қараб таркиб тузамиз.

- Чемпионлик учун реал имконият пайдо бўлганини ҳис қиляпсизми? Бир ўйинда 6 та гол ўтказиб юборган «Нефтчи» ҳам бекаму-кўст жамоа эмас. «Пахтакор» ҳам барибир барқарор эмас. Охирги пайтлардаги энг барқарор жамоа «Навбаҳор» бўлиб турибди.
- Балки. Лекин реал олиб қарасак, «Нефтчи»ни ҳам, «Пахтакор»ни ҳам таркиби яхши. Улар яна қанчалик очко йўқотади, буни вақт кўрсатади. Биз ўзимизнинг ўйинимизга, ўзимизнинг очколаримизга қарашимиз керак. ОЧЛ бошланди, орада Кубок ўйинлари ҳам бор. Кўрамиз. Уларга қараб қачон йўқотаркин, демасдан, ўзимизнинг очколаримизни йиғишимиз керак. Қолгани насиб.

- Ўзбекистон Кубоги чорак финалига қуръа ташланди. Бунга муносабатингиз.
- Нима дейишим мумкин? Про лига жамоаси – «Ғазалкент» тушди. Яхши, ёш йигитлардан жамланган жамоа. Раҳбарият томонидан ҳам яхши иш олиб бориляпти. Профессионал клубларимиздан бири. Биз учун ҳам қизиқ бўлади. Унгача ўйинларимиз бор. Аммо про лига жамоаси Суперлига клубини ютди. «Андижон» уйида «Олимпик Мобиуз» билан қийналди. Шунинг учун ҳар бир учрашувга жиддий қарашимиз керак. Майдонда ҳамма нарса ҳал бўлади.

- Ўйиндаги ўзгаришларни бироз кеч амалга оширяпсиз. Бу жисмоний ҳолат билан боғлиқми ёки бошқа сабаби ҳам борми?

- Захирани ўйинни кучайтириш учун қиласиз. Футболчиларнинг ҳаракатлари аъло даражада кетаётган бўлса, алмаштиришга ҳожат қолмайди. Захирадан майдонга тушганда у ўйинни қанчалик кучайтиришини билмаймиз. Ҳар доим ҳам бу нарса амалга ошавермайди. Чунки ўйиндаги ритм бошқа. Ким чарчаган бўлса ёки ўйиндан узилиб қолаётган бўлса, албатта, янги кучларни тушираман. Режа бўйича ҳам ўйинчи алмашиши мумкин.

- Муҳаммадали Усмонов иккита ўйиндан бери майдонга тушмаяпти…

- Ўтган ўйинда тушди. Озгина сифат бўляпти. Уйда «Локомотив»га қарши учрашувда майдонга тушди, кўп хатолар қилди. Кейин алмаштирилди. Футболчиларда қаердадир сифат бўлиши мумкин, бу нормал ҳолат. Ҳозирги кунда кимнинг қанчалик тайёрлигига қараб ўйинчи алмаштиряпмиз. Лекин уни яхши даражадаги футболчи деб биламиз. Яхши ўйинларини ҳам кўрдик. Аммо ҳозир озгина пасайиш бор», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг