ПФЛ «Динамо»нинг ҳакамлик бўйича баёнотини ўринли деб ҳисоблайди
ПФЛ «Динамо»нинг ҳакамлик бўйича баёнотини ўринли деб ҳисоблайди
Суперлига 22-тури доирасидаги «Навбаҳор» — «Динамо» учрашувида юз берган айрим вазиятлар бўйича «Динамо» клуби матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеоматериал ҳамда унда ўртага ташланган саволларни ПФЛ ўринли деб ҳисоблайди.
«2026 йилги мавсумда профессионал футбол учрашувларида фаолият олиб бораётган ҳакамларнинг айрим эпизодларда йўл қўяётган хатолари Лигани ҳам хавотирга солмоқда. Айниқса, ўйин натижасига бевосита таъсир кўрсатаётган хатоларнинг давомли содир этилаётгани Суперлигага бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунни ҳисобга олган ҳолда, Лига ўз ваколати доирасида ички суриштирув ишларини Суперлига 6-туридан кейиноқ бошлаган. Жумладан, ҳакамларнинг халқаро майдондаги фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилиши зарурлиги масаласини кўтарган.
Маълумки, ҳакамларнинг учрашувлардаги фаолияти Эксперт ҳакамлар қўмитаси томонидан таҳлил қилинади. Паст баҳо олган ёки жиддий хатога йўл қўйган рефериларга нисбатан жазо чораси эса ЎФА Ҳакамлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. Лига томонидан олиб борилаётган ўрганишларда айнан шу жиҳат муҳим аҳамият касб этади. Яъни, вақтинчалик чоралар билан чекланиш профессионал футбол ҳакамлигида шаффоф тизим яратиш ҳамда мазкур йўналишни тартибга келтириш учун етарли эмас.
Шундан келиб чиқиб, Лига ЎзФҲМ ва умуман ҳакамлик соҳаси тизимида жиддий ўзгаришларни амалга ошириш лозимлиги, бунда қандай механизмларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ экани борасидаги ўз позициясини ЎФА раҳбариятига тақдим этди. Тез орада мазкур масала Ассоциация ва Лига ўртасида муҳокама қилинади. Лига ҳар қандай ҳолатда ҳам тизимни ўзгартириш зарурлиги борасидаги ўз позициясини ҳимоя қилади.
«Динамо» клуби матбуот хизмати томонидан Лигага тегишли кўчма телевизион станция масаласи ҳам кўтарилган. Мазкур КТС ўз ичига 7 та камерани қамраб олган бўлиб, бунда Лига ва Sport TV ўртасида имзоланган шартнома бўйича талаблар тўлиқ бажарилган. Камераларнинг 3 таси Super Slow Motion функциясига эга бўлиб, улар такрорий лавҳаларни секинлаштирилган ҳолда аниқ кўрсатиб бериш имконини беради. «Навбаҳор» — «Динамо» учрашувидан кейин эътиборга тушаётган кадрлар ҳам айнан шуннинг самарасидир. Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳолат ЎзФҲМ томонидан қандай талқин қилиниши муҳим аҳамият касб этади. Лига бу борада ўрганиш ишларини олиб боради.
Лига «Динамо» футбол клуби ва унинг мухлислари томонидан билдирилаётган эътирозларда асос борлигини эътироф этади. Боиси, баҳсли эпизодлар клуб билан боғлиқ учрашувларда икки мавсум давомида бир неча бор кузатилмоқда. Лига бундай ҳолатлар содир бўлганида ва клуб томонидан регламентга асосан эътироз тақдим этилганида, ЎзФҲМ вазиятларни қандай талқин қилиши бўйича доим суриштирув олиб боради.
Бироқ «Динамо» футбол клуби Суперлига регламентида белгиланган тартиб бўйича на «Қўқон-1912» билан учрашувдан кейин, на «Навбаҳор» билан ўйин якунида расмий шикоят аризаси киритди. Эътироз фақат клуб матбуот хизмати томонидан кенг жамоатчиликка олиб чиқилди.
Мазкур нуқтада Лига «Динамо» клуби матбуот хизматининг шубҳа ва эътирозларида жон бор деб ҳисоблайди. Ўз навбатида, клуб раҳбариятини бу каби ҳолатларга регламент асосида муносабат билдиришга чақиради.
Зеро, Лига ҳакамлик соҳасини ислоҳ қилиш юзасидан киритган таклифида ҳакамлик билан боғлиқ барча ҳолатлар фақат собиқ ҳакамлар томонидан кўриб чиқилаётганига эътироз билдириб, бу жараёнда клубларнинг ролини оширишга алоҳида урғу қаратган. Шунингдек, баҳсли вазиятлар нафақат ҳакамлар, балки собиқ футболчилар иштирокида ҳам кўриб чиқилиши ҳамда ҳар қандай баҳсли эпизод ЎзФҲМ мутахассислари томонидан кенг жамоатчилик учун очиқ тарзда шарҳлаб берилиши лозимлиги қайд этилган», - дейилади ПФЛ хабарида.
Маълумот учун, бугунга келиб Лига ҳакамлик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ўзининг қатъий позициясига эга. Тез орада мазкур масала Суперлига ва Пролигa клублари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда муҳокама қилиниши ҳам таъкидланган.