ПСЖ “Барселона”нинг яна бир юлдузини трансфер қилиши мумкин
Франциянинг ПСЖ клуби “Барселона” ярим ҳимоячиси Гавини ўз сафига қўшишга қизиқиш билдирмоқда. Парижликлар испаниялик футболчининг Каталония клубидаги ҳолатини диққат билан кузатмоқда. Бу ҳақда журналист Экрем Конур хабар бермоқда.
Манбага кўра, 22 ёшли ярим ҳимоячига ПСЖдан ташқари Англия Премьер-лигасининг бир нечта етакчи клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бунга Гавининг сўнгги вақтларда “Барселона” сафида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаётгани сабаб бўлган. Шу боис футболчининг келажаги трансфер бозорида муҳокама қилинмоқда.
Бироқ “Барселона” раҳбарияти Гавини сотиш ниятида эмас. Клуб уни узоқ муддатли лойиҳанинг муҳим қисми деб ҳисобламоқда. Шунга қарамай, ярим ҳимоячининг ўзи жамоани тарк этиш истагини билдирса, каталонияликлар унинг трансфери бўйича таклифларни кўриб чиқиши мумкин.
Маълумот учун, Гави жорий мавсум барча мусобақаларда тўққизта учрашув ўтказиб, гол ёки голли узатма қайд этмади. Унинг “Барселона” билан шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 25 миллион еврога баҳоламоқда.