“Милан” ва “Интер” 1,2 миллиард евролик янги стадион лойиҳасини тақдим этди
Италиянинг “Милан” ва “Интер” клублари афсонавий “Сан-Сиро” стадиони ўрнига қурилиши режалаштирилган янги аренанинг лойиҳасини расман намойиш этди. Generali Stadium номини оладиган иншоот 71 500 томошабинга мўлжалланган бўлиб, унинг қурилиши учун тахминан 1,2 миллиард евро сарфланиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Милан” клуби расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, янги стадион лойиҳаси Foster + Partners ва MANICA архитектура компаниялари томонидан ишлаб чиқилган. Иншоот икки қаватли трибуналар, замонавий том конструкцияси ҳамда мухлисларни майдонга имкон қадар яқин жойлаштириш тамойили асосида қурилади. Арена акустикаси ҳам томошабинлар яратадиган муҳитни янада кучайтиришга мослаштирилган.
Қурилиш ишларини 2028-йилда бошлаш, янги стадиондан эса 2031/32-йилги мавсумдан фойдаланиш режалаштирилган. Бироқ лойиҳа айрим мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, “Интер” тарафдорлари “Сан-Сиро”нинг бузилишига қарши чиқиб, тарихий стадионни сақлаб қолишни талаб қилган.
Маълумот учун, “Сан-Сиро” стадиони 1926-йилда фойдаланишга топширилган ва ҳозирда Италиянинг энг йирик футбол аренаси ҳисобланади. “Милан” ҳамда “Интер” кўп йиллардан буён уй учрашувларини айнан шу стадионда ўтказиб келмоқда.