«Ливерпуль» Алисонни текинга йўқотиши мумкин
Англиянинг «Ливерпуль» клуби дарвозабони Алисон Беккер фаолиятини Бразилияда давом эттириши мумкин. 34 ёшли футболчининг хизматларига «Фламенго» клуби қизиқиш билдирмоқда. Унинг мерсисайдликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзида якунланади. Бу ҳақда Sport Witness нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, «Фламенго» раҳбарияти Алисонни трансфер қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Клубнинг айрим вакиллари тажрибали дарвозабонни қўлга киритиш тарафдори бўлса, бошқалари унинг ёши ва юқори маоши сабаб эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Агар томонлар келишувга эришса, бразилиялик футболчи келаси ёзда эркин агент сифатида жамоага қўшилиши мумкин. «Фламенго» январь ойидан бошлаб у билан дастлабки шартнома имзолаш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Бироқ трансфер амалга ошишига бир қатор омиллар тўсқинлик қилиши мумкин. Хусусан, Алисон фаолиятини бошлаган «Интернасионал» клубига қайтиш истагини аввалроқ билдирган. Бундан ташқари, «Фламенго»нинг молиявий имкониятлари ҳам ушбу трансферда муҳим роль ўйнайди. Ҳозирча дарвозабон билан расмий музокаралар бошланмаган ва томонлар ўртасида ҳеч қандай келишув мавжуд эмас. «Ливерпуль» эса футболчи билан шартномани узайтириш имкониятини сақлаб қолмоқда.
Маълумот учун, Алисон Беккер 2018 йилда Италиянинг «Рома» клубидан «Ливерпуль»га трансфер қилинган. У мерсисайдликлар сафида икки марта Англия Премьер-лигаси, бир марта Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан. Шунингдек, бразилиялик дарвозабон 2019 йилда Лев Яшин номидаги мукофотга сазовор бўлган.