Кураш. Жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан ўқув-машғулот йиғинлари ташкиллаштирилди
Кураш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси спортчилари учун Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан ўқув-машғулот йиғинлари ташкиллаштирилди.
Жумладан, жорий йилнинг 21 октябрдан 4 ноябрга қадар Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги Дукент спорт базасида кураш спорти бўйича терма жамоа ўқув-машғулот йиғинлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу ўқув-машғулот йиғинига 55 нафар терма жамоа аъзолари жалб қилинган.
Кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жорий йилнинг 4-9 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.
Терма жамоа бош тренерлари Ризамат Солиев бошчилигида спортчиларга курашнинг сир-асрорларини ўргатишмоқда. Таъкидлаш керакки, жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш, спортчиларни янада чиниқтириш, курашнинг сир-асрорлари ва ғалабалар учун керакли бўлган тавсияларни мукаммал ўзлаштириш борасида тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида жаҳон чемпионатида барча 16 вазн тоифасида 16 нафар, жумладан 8 нафар эркаклар ва 8 нафар аёл курашчиларимиз иштирок этади.