locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

“Хоразм” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувда наманганликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди

Урганчда кечган баҳсда мезбонлар автогол эвазига ортда қолишди, кейин эса битта гол уришга муваффақ бўлишди.
Футбол
“Хоразм” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувда наманганликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди
photo: gettyimages
Ўзбекистон Суперлигаси
26.10.2026, Як.
Хоразм
1
Навбаҳор
2

Ўзбекистон Суперлигаси 25-туридан ўрин олган “Хоразм” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувда наманганликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Урганчда кечган баҳсда мезбонлар автогол эвазига ортда қолишди, кейин эса битта гол уришга муваффақ бўлишди. Бироқ “Навбаҳор” устунлигини сақлаб қолди.

Учрашувни фаол бошлаган меҳмонлар 3-дақиқадёқ ҳисобни очишди. “Хоразм” ҳимоячиси Аброб Ҳўсинов тўпни ўз дарвозасидан қайтариб юбормоқчи бўлганида, кутилмаганда автогол муаллифига айланди — 0:1.

Голдан кейин ҳар икки жамоа ҳужумкор футбол намойиш этди. 17-дақиқада Сардорбек Азимовнинг зарбасини “Навбаҳор” дарвозабони Шукрон Йўлдошев қайтарди. Бир дақиқа ўтиб эса Ҳусайн Норчаев дарвозабон билан юзма-юз чиқди, аммо Умиджон Эргашев жамоасини муқаррар голдан қутқарди.

24-дақиқада Азимовнинг бош билан йўллаган зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. 28-дақиқада эса “Хоразм” футболчиси Рафаэл Тавареш огоҳлантирилди.

35-дақиқада “Навбаҳор” ҳисобдаги фарқни оширди. Ҳусайн Норчаев чап қанотдан жарима майдончасига узатилган тўпни аниқ зарба билан дарвозага жойлаб, меҳмонларнинг устунлигини мустаҳкамлади — 0:2.

Биринчи бўлим охирида Умар Адҳамзоданинг жарима майдончаси ташқарисидан берган зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Қўшиб берилган икки дақиқадан сўнг жамоалар танаффусга “Навбаҳор”нинг икки голлик устунлиги билан йўл олишди.

Иккинчи бўлимни “Хоразм” таркибдаги ўзгаришлар билан бошлади. Элзио Лоан ва Сухроб Иззатов майдонга туширилди. 51-дақиқада эса Аброб Ҳўсинов ўрнига Максим Ширяев ўйинга қўшилди.

54-дақиқада Жасурбек Жалолиддиновнинг зарбасини Умиджон Эргашев ушлаб олди. Бироқ мезбонлар орадан кўп ўтмай ҳисобдаги фарқни қисқартиришди.

56-дақиқада Рафаэл Тавареш “Навбаҳор” дарвозабони Шукрон Йўлдошев билан юзма-юз вазиятга чиқиб, имкониятдан унумли фойдаланди — 1:2. Шу тариқа учрашувдаги интрига янада кучайди.

58-дақиқада Рустамжон Абдуҳамидовнинг зарбасидан кейин Йўлдошев тўпни қайтарди. 63-дақиқада эса “Навбаҳор” футболчиси Русланбек Жияновнинг зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.

Учрашувнинг кейинги қисмида “Хоразм” ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди. 72-дақиқада Шукрон Йўлдошев мезбонларнинг навбатдаги ҳужумини бартараф этди. 80-дақиқада Асадбек Раҳимжоновнинг узоқ масофадан берган зарбасини эса Умиджон Эргашев ушлаб олди.

84-дақиқада бурчак зарбасидан кейин “Навбаҳор” дарвозаси олдида хавфли вазият юзага келди, аммо тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. 88-дақиқада Диёр Холматовнинг зарбасини Эргашев қайтарди. Бир дақиқа ўтиб, Йўлдошев ҳам мезбонларнинг навбатдаги ҳужумида жамоасини қутқарди.

Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда ҳам кураш давом этди. 90+1-дақиқада “Хоразм” футболчиларидан йўлланган зарбадан кейин тўп дарвоза тўсиғига тегиб қайтди. 90+2-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Жоэл Кожо дарвозабон билан юзма-юз чиқди, аммо имкониятдан фойдалана олмади — унинг зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.

Шу тариқа, якунда “Навбаҳор” сафарда “Хоразм”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Суперлиганинг 25-турида муҳим ғалабани қўлга киритди.

Суперлига, 25-тур
“Хоразм” — “Навбаҳор” — 1:2
Голлар:
Аброб Ҳўсинов (3, автогол), Ҳусайн Норчаев (35) — Рафаэл Тавареш (56).

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг