Ислом Исмоилов: «Тўғриси, ҳозир ички ҳис-туйғуларим ўзимда эмас»
ОЧЛ Элит мусобақасининг навбатдаги турида «Нефтчи» Оманда Эроннинг «Тракторсози» клубига қарши баҳс олиб борди.
Ўйин 2:2 ҳисобида дуранг натижа билан тугади.
Ҳолбуки, фарғоналиклар ярим соатдан ортиқ вақт давомида рақибдан бир футболчи кўп бўлиб ҳаракат қилдилар ва ғалабага жуда яқин келгандилар. Лекин охирги дақиқадаги қўпол хато эвазига тайёр ғалаба қўлдан чиқиб кетди.
Мана шундай аламли ўйиндан кейин «Нефтчи»нинг устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида қуйидагиларни айтди:
- Икки сафардан бери охирида аламли голлар ўтказиб юбораяпмиз. Охирида қилинган хато, умуман тушунарсиз ҳолат бўлди. Ҳайронман, ўша вазиятда футболчимиз кимга нимани кўрсатмоқчи бўлди? Оддий вазиятда, ўйин давом этяпти, ютиб кетадиган ўйинимизда гол ўтказиб юбораяпмиз. Бугун икки очко йўқотдик.
- Ўйиндан қониқиш ҳосил қилмагандек кўринаяпсиз...
- Албатта, ўйиндан умуман қониққаним йўқ. Айтаяпман-ку, оддий ҳолатда икки гол ўтказиб юбордик. Ўйинни тўлиқ назорат қилдик, кўплаб хавфли вазиятлар яратдик. Рақиб ўзининг иккита имкониятидан фойдаланиб кетди. Бу жуда оғриқли, жуда аламли ҳолат. Чунки майдонда жуда катта меҳнат қилгандик. Футболчилар катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Афсуски, арзимаган хатонинг ҳисобига охирги дақиқада аламли голни ўтказиб юбордик.
Умуман, бу натижага лойиқ эмасдик. Тўғриси, ҳозир ички ҳис-туйғуларим ўзимда эмас. Ҳозир ўзимга сиғмаяпман. Мураббий сифатида ўзимни кечира олмайдиган вазият. Нимагаки, тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Бу ачинарли ва афсусли ҳолат», - дея Ислом Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.