DAZN клублар ўртасидаги 2029 йилги Жаҳон чемпионати ҳуқуқларини қўлга киритишга яқин
DAZN стриминг платформаси 2029 йилда ўтказиладиган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бутун дунё бўйлаб трансляция қилиш ҳуқуқларини олиш йўлида муҳим келишувга эришди. Компания мазкур мусобақанинг глобал трансляция ҳуқуқларини сотиб олиш бўйича эксклюзив имкониятни қўлга киритган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, DAZN 2025 йилда АҚШда ўтказилган, 32 та жамоа иштирок этган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг халқаро трансляция ҳуқуқлари учун бир миллиард доллар тўлаган эди. Энди платформа FIFA билан ҳамкорликни давом эттириш ва навбатдаги мусобақани ҳам глобал аудиторияга намойиш этишни мақсад қилмоқда.
Бироқ 2029 йилги турнир билан боғлиқ бир қатор муҳим масалалар ҳали ҳал этилмаган. Жумладан, мусобақанинг мезбон мамлакати, иштирокчилар сони ва якуний формати расман тасдиқланмаган. FIFA турнирни 48 та жамоага кенгайтириш имкониятини ҳам муҳокама қилмоқда. DAZNга берилган эксклюзив имкониятнинг молиявий қиймати ва ундан қачонгача фойдаланиш мумкинлиги ҳозирча ошкор қилинмаган.
Маълумот учун, клублар ўртасидаги 2025 йилги Жаҳон чемпионатида «Челси» ғолиб чиққан. Лондон клуби мазкур мусобақадаги иштироки ва натижалари учун қарийб 114 миллион доллар мукофот олган. FIFA мусобақани халқаро клуб футболидаги энг йирик тижорий лойиҳалардан бирига айлантиришни мақсад қилган. DAZN билан эҳтимолий янги келишув ушбу режаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.