Жавоҳир Синдаров Гукешнинг узоқ ўйлаши ҳақида фикр билдирди
Шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб бораётган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражунинг илк партияда айрим юришлар учун узоқ вақт сарфлагани ҳақида гапирди. Ҳамюртимизнинг матбуот анжуманидаги баёнотларини ChessBase India нашри эълон қилди.
Синдаровнинг таъкидлашича, ҳиндистонлик гроссмейстер 17-юришини амалга ошириш учун қарийб 40 дақиқа вақт сарфлаган пайтда у ҳам доскада юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятларни таҳлил қилган. Ўзбекистонлик шахматчи рақибининг юришини кутиш билан чекланиб қолмаган, балки навбатдаги ҳужум режаларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилган.
Ҳамюртимиз партия якунланганидан кейин ўзининг айрим қарорларини қайта кўриб чиққанини ҳам маълум қилди. Унинг фикрича, ўйиннинг муҳим паллаларидан бирида танлаган юриши ўрнига бошқа вариантдан фойдаланиш рақибга янада кўпроқ муаммо туғдириши мумкин эди.
Синдаров вақт бўйича устунликка эга бўлган вазиятларда Гукешга босимни кучайтиришга интилган. Шу билан бирга, ҳиндистонлик гроссмейстер мураккаб ҳолатларда яхши ҳимояланганини ҳам эътироф этди.
Илк партия давомида Синдаровнинг дам олиш хонасида кўзларини юмib ўтирган лавҳалари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Бироқ бу лавҳалар унинг ҳақиқатан ухлаб қолганини тасдиқламайди.