Бурак Йилмаз Элдор Шомуродовнинг маҳоратини эътироф этди
Туркиянинг "Чорум" клуби бош мураббийи Бурак Йилмаз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг "Истанбул Башакшехир" сафидаги ўйинига юқори баҳо берди. Бу ҳақда Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги хабар берди.
Мутахассис учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жамоаси Истанбул клубига қарши пухта тайёргарлик кўргани ва баҳснинг катта қисмида белгиланган тактик режани муваффақиятли амалга оширганини таъкидлади.
Йилмазнинг айтишича, "Чорум" футболчилари рақибнинг ҳужумкор ўйин услуби ва қанотлардан ташкил этадиган ҳужумларини ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилишган. Бироқ учрашувнинг сўнгги қисмида вазият кескин ўзгарган. Элдор Шомуродовнинг узоқ масофадан йўллаган аниқ зарбаси мезбонларнинг ўзига бўлган ишончини тиклаган ва рақиб ҳимоясидаги мувозанатни бузган.
Бурак Йилмаз шогирдлари босим остида ўйнаш, устунликни сақлаб қолиш ва мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш борасида тажриба орттириши кераклигини айтди. Шунингдек, у икки клуб ўртасида футболчилар савияси ва молиявий имкониятлар жиҳатидан сезиларли фарқ борлигини ҳам тан олди.
Рақиб жамоа мураббийининг ушбу эътирофи Шомуродовнинг Истанбул клуби ҳужум чизиғидаги аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. Ўзбекистонлик ҳужумчи нафақат гол уриш, балки жамоа қийин вазиятда қолганида ташаббусни ўз қўлига олиш қобилияти билан ҳам ажралиб турмоқда.