Агит Кабайел Александр Усик билан нега жанг қила олмаганини тушунтирди
Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида мағлубият нималигини билмай келаётган германиялик Агит Кабайел украиналик Александр Усик билан амалга ошмаган жанг ҳақида фикр билдирди. Боксчи BoxingScene нашри ва бошқа ОАВ вакиллари билан суҳбатда ўзининг бу борадаги қарашларини баён қилди.
Кабайелнинг сўзларига кўра, амалдаги жаҳон чемпионига қарши рингга чиқиш ва камарни бевосита жанг орқали қўлга киритиш унинг энг катта орзуларидан бири бўлган. Бироқ Усик мажбурий ҳимоя жангларини ўтказиш ўрнига айрим чемпионлик камарларидан воз кечишга қарор қилган.
Германиялик боксчи Усик билан ҳеч қандай шахсий адовати йўқлигини, аксинча, уни супероғир вазн тарихидаги энг буюк боксчилардан бири сифатида ҳурмат қилишини таъкидлади. Шунга қарамай, Кабайелнинг фикрича, украиналик спортчи у билан жанг қилишга катта қизиқиш билдирмаган. Бунга германиялик боксчининг тижорий жиҳатдан етарлича машҳур эмаслиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Шунингдек, Кабайел Усикнинг биринчи оғир вазн тоифасига қайтиш режасини мантиқий қарор деб ҳисоблашини билдирди. Унинг фикрича, украиналик боксчи учун супероғир вазнда табиий вазнини ошириб жанг қилиш осон эмас.
Маълумот учун, профессионал фаолиятида 27 та ғалабага эришган Кабайел 28-ноябрь куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида Нельсон Ҳисага қарши чемпионлик камарини ҳимоя қилади.