Сергей Лебедевнинг вафоти сабаб қолдирилган учрашувнинг янги санаси маълум бўлди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси "Металлург" ва "ФарДУ" клублари ўртасидаги Про лига плей-офф учрашувини бошқа муддатга кўчиришга қарор қилди. Бунга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси, "ФарДУ" клуби бош мураббийи Сергей Лебедевнинг бевақт вафоти сабаб бўлди.
ПФЛ маълумотига кўра, мутахассис Бекобод клубига қарши учрашув олдидан шогирдлари билан Тошкентда машғулот йиғинини ўтказаётган эди. Лебедев кутилмаганда ўзини ёмон ҳис қилган ва зудлик билан шифохонага олиб борилган. Бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган.
Профессионал футбол лигаси фарғоналик футболчилар ва мураббийлар штабининг руҳий ҳолатини инобатга олиб, дастлаб 25 ноябрь кунига режалаштирилган учрашувни қолдирди. Кейинчалик томонлар билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижасида баҳсни 28 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 14:00 да ташкил этиш белгиланди.
Сергей Лебедев ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги ёрқин намояндаларидан бири эди. У 1994 йилда Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан олтин медални қўлга киритган.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси марҳумнинг мамлакат футболи ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этиб, унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.