locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

UFC 2027-йил бошидаги турнирининг жанглар картини кенгайтирди

Ташкилотнинг расмий эълонига кўра, оқшомнинг марказий баҳсида ярим ўрта вазн тоифасининг кучли вакиллари — америкалик Шон Бреди ва бразилиялик Габриэл Бонфим ўзаро тўқнаш келади.
Бошқа спорт турлари
Фото: Getty Images

UFC 2027-йилнинг 23-январь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги "Meta APEX" мажмуасида бўлиб ўтадиган турнирига бир қатор янги жангларни қўшди. Ташкилотнинг расмий эълонига кўра, оқшомнинг марказий баҳсида ярим ўрта вазн тоифасининг кучли вакиллари — америкалик Шон Бреди ва бразилиялик Габриэл Бонфим ўзаро тўқнаш келади.

Мазкур жанг дастлаб ноябрь ойида ўтказилиши керак эди. Бироқ Бреди бактериал инфекция сабаб турнирда иштирок эта олмади ва томонлар ўртасидаги баҳс бошқа муддатга кўчирилди.

UFC рейтингида бешинчи поғонани эгаллаб турган Бреди ҳамда олтинчи ўриндаги Бонфим учун ушбу тўқнашув катта аҳамиятга эга. Жанг ғолиби ярим ўрта вазн тоифасидаги мавқеини мустаҳкамлаб, чемпионлик камари учун курашга бир қадам яқинлашиши мумкин.

Оқшом доирасида Пэт Сабатини ва Винисиус Оливейра, Нил Мэгни ва Даниил Донченко, Азамат Бекоев ва Эрик Макконико, Ядиер дел Вале ва Эзра Эллиот ўртасидаги жанглар ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, турнир кардига эркаклар ҳамда аёллар вазн тоифаларида яна бир нечта баҳслар киритилган.

Мазкур мусобақа UFC'нинг 2027-йилда "Meta APEX" мажмуасида ташкил этадиган илк турнири бўлади. Лас-Вегас ва Ўзбекистон ўртасидаги вақт фарқи сабаб жанглар Тошкент вақти билан 24-январь тонгига тўғри келади.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг