Синдоров ва Гукеш жаҳон шахмати тарихидаги энг ёш чемпионлик баҳсини ўтказади
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ва Ҳиндистон вакили Гукеш Доммаражу ўртасидаги жаҳон чемпионлиги баҳси шахмат тарихидан жой олади. Ҳар икки спортчининг 20 ёшда экани мазкур учрашувни классик шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги тарихидаги энг ёш иштирокчилар ўртасидаги баҳсга айлантирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, 24-ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги Колонжи ҳудудида бошланадиган беллашувда Синдоров рейтинг бўйича устунликка эга. ФИДЕнинг ноябрь ойи рейтингида ўзбекистонлик шахматчи 2782 очко билан дунёда тўртинчи, амалдаги чемпион Гукеш эса 2710 очко билан 26-ўринни эгаллаб турибди. Икки гроссмейстер ўртасидаги фарқ 72 рейтинг очкосини ташкил этади.
Жаҳон чемпионлиги баҳси олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Гукеш рақибининг сўнгги натижаларини юқори баҳолаган. Ҳиндистонлик гроссмейстер Синдоров барқарор ва кучли ўйин намойиш этаётганини таъкидлаб, олдинда уни жиддий синов кутаётганини билдирган. Синдоров эса амалдаги чемпионнинг аввалги ютуқларини эътироф этиб, унинг сўнгги натижаларига ортиқча аҳамият бермаслик кераклигини айтган.
Маълумот учун, Жавоҳир Синдоров 2026-йилги Номзодлар турнирида мағлубиятсиз иштирок этиб, жаҳон чемпионлиги учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритган. Гукеш Доммаражу эса 2024-йилда хитойлик Дин Лиженни мағлуб этиб, тарихдаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпионига айланган. Томонлар ўртасидаги баҳс кўпи билан 14 та классик партиядан иборат бўлади.