locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

«Феррари»нинг ёш иқтидори янги шартномасиз қолмоқда: муаммо пулда

«Феррари» академияси тарбияланувчиси бўлган британиялик спортчи келаси мавсум учун келишуви тасдиқланмаган ягона пойгачи бўлиб турибди.
Бошқа спорт турлари
Фото: Getty Images

Формула-1нинг «Ҳаас» жамоаси пойгачиси Оливер Берманнинг 2027 йилги мавсум учун шартномаси ҳали ҳам расмийлаштирилмаган. «Феррари» академияси тарбияланувчиси бўлган британиялик спортчи келаси мавсум учун келишуви тасдиқланмаган ягона пойгачи бўлиб турибди. Бу ҳақда «Автоспорт» нашри хабар берди.

Манбага кўра, музокараларнинг чўзилишига Берманнинг келажакдаги спорт фаолияти эмас, балки янги шартноманинг молиявий шартлари сабаб бўлмоқда. «Феррари» пойгачи устидан шартномавий ҳуқуқларини сақлаб қолиш имкониятидан аллақачон фойдаланган. Бироқ «Ҳаас» томонидан таклиф қилинаётган маош Берманнинг вакилларини тўлиқ қониқтирмаяпти.

«Келаси йил учун ҳали ҳам шартномам йўқлиги мени хафа қилмоқда. Бу, албатта, ёқимсиз вазият. Аммо келишувга яқин турибмиз», деган 21 ёшли британиялик пойгачи. Шу билан бирга, Берман 2027 йилда бошқа жамоа сафида қатнашиш эҳтимолини рад этиб, фаолиятини айнан «Ҳаас»да давом эттириш ниятида эканини таъкидлаган.

Маълумот учун, Оливер Берман 2021 йилдан буён «Феррари» пойгачилар академияси таркибида фаолият юритади. Италияликлар уни келажакда асосий жамоага жалб этиш имкониятини сақлаб қолмоқда. «Автоспорт» маълумотига кўра, «Ҳаас» ва Берман ўртасидаги музокаралар Абу-Дабидаги мавсум якунига қадар ижобий ҳал этилиши кутилмоқда.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг