Конор Макгрегорнинг собиқ жамоадоши 30 ёшида ММА фаолиятини якунлади
Ирландиялик ММА жангчиси, UFCнинг собиқ икки вазн тоифасидаги чемпиони Конор Макгрегорнинг собиқ жамоадоши Жеймс Галлахер профессионал фаолиятини якунлаганини эълон қилди. 30 ёшли спортчи кутилмаган қарори ҳақида Instagram саҳифасида маълум қилган. Бу ҳақда MMA Fighting нашри хабар берди.
Манбага кўра, Галлахер октагондан кетишига ўзига боғлиқ бўлмаган айрим ҳолатлар сабаб бўлганини билдирган. Бироқ у ҳозирча ушбу вазият тафсилотларини ошкор қила олмаслигини таъкидлаган. Жангчининг сўзларига кўра, бу қарор спортга бўлган қизиқиши йўқолгани ёки фаолиятини давом эттириш истаги камайгани билан боғлиқ эмас.
“Фаолиятим айнан шундай якунланишини истамагандим. Бу мен осонликча қабул қилган қарор эмас. Назоратимдан ташқаридаги ҳолатлар мени бутун умримни бағишлаган спорт турини тарк этишга мажбур қилди. Вақти келганда, ҳаммасини тушунтириб бераман”, деб ёзган Галлахер ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Жеймс Галлахер профессионал фаолиятининг катта қисмини Bellator ташкилотида ўтказган. У мазкур промоушенда 12 та жанг ўтказиб, тўққизта ғалабага эришган. Ирландиялик спортчи фаолиятини умумий ҳисобда 13 та ғалаба ва тўртта мағлубият билан якунлади.