Брайан Ортега UFC Қатар турниридан олдин фаолиятини якунлашга қарор қилганини маълум қилди
UFCнинг ярим енгил вазн тоифасидаги собиқ чемпионлик даъвогари Брайан Ортега профессионал MMA фаолиятини якунлаш қарорини Қатар турниридан аввал қабул қилганини ошкор этди. Америкалик жангчи бу ҳақда Ден Ҳукерга қарши баҳсдан кейинги интервьюсида гапириб берди. Бу ҳақда MMA Fighting нашри хабар берди.
Манбага кўра, Ортега жанг куни эрталаб мураббийларидан бири билан суҳбатлашиб, октагонга қайтиш истаги қолмаганини билдирган. Жангчи ушбу қарорини узоқ йиллар давомида бошидан кечирган руҳий ва жисмоний босим, шунингдек, ҳаётга бўлган қарашларининг ўзгариши билан изоҳлаган. Унинг таъкидлашича, энди ўзини бошқаларга исботлаш заруратини ҳис қилмаяпти.
“Мен энди ғазабга тўла инсон эмасман. Дунё олдида ниманидир исботлашим шарт эмас. Одамларга жароҳат етказишни хоҳламайман. Энди ўз қобилиятларимдан бошқа соҳаларда фойдаланмоқчиман”, деган Ортега. У жанг олдидан бу қарорни фақат бир кишига айтганини, қолган жамоадошлари эса бундан бехабар бўлганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Брайан Ортега UFCда узоқ йиллар давомида энг томошабоп жангчилардан бири сифатида танилган. У Макс Холлоуэй ва Александр Волкановскийга қарши чемпионлик жангларида иштирок этган. Ортега 21 ноябрь куни UFC Қатар турнирида Ден Ҳукерга ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб бўлгач, фаолиятини якунлаганини эълон қилди.