Карлсен: «Абдусатторов билан машғулотлар мени реалликка қайтарди»
Карлсен: «Абдусатторов билан машғулотлар мени реалликка қайтарди»
Магнус Карлсен 7 ноябрь куни UNICEF учун ташкил этилган хайрия жонли эфирида Нодирбек Абдусатторов билан машғулотлари, шахматдаги интуиция ва келгуси мусобақалар ҳақида гапирди.
Абдусатторов билан машғулотлар ҳақида:
«Дунёнинг энг яхши шахматчиларидан бири билан ўйнаб, бироз реалликка қайтасан», — деди Карлсен.
Унинг айтишича, интернетда кўплаб блиц партияларини ўйнаш айрим зарарли одатларни шакллантиради. Нодирбек билан машғулотлар эса бу жиҳатдан фойдали бўлган. Карлсен, шунингдек, Абдусатторов ҳақида ҳам жуда яхши таассуротда қолганини таъкидлади.
Юришларининг 90 фоизи интуицияга асосланади
Карлсеннинг айтишича, у кўпинча фақат битта номзод юришни кўриб чиқади. Баъзан икки ёки учта вариантни ҳисоблайди. Бундан кўпроғини излашга тўғри келса, одатда позициясида муаммо борлигини англатади.
Total Chess ҳақида
Карлсен янги форматни қизиқарли, аммо бироз ташвишли деб баҳолади. У мусобақада иштирок этишни интиқлик билан кутяптими, деган саволга аввал ҳазил билан жавоб берди.
Истанбулдаги жаҳон чемпионатига борадими?
Карлсен рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатининг Туркияда ўтказилиши унинг иштирок этиш эҳтимолини сезиларли даражада оширишини айтди. Бироқ ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган.
Шунингдек, Карлсен Лондон тизими ҳақида ҳам фикр билдириб, бу дебют аввал ўйланганидан анча бой ва мураккаб эканини таъкидлади.