Уч хил вақт назорати, 24 нафар иштирокчи ва 650 минг доллар — Total Chess эртага бошланади
Уч хил вақт назорати, 24 нафар иштирокчи ва 650 минг доллар — Total Chess эртага бошланади.
10 ноябрь куни Венгрия пойтахти Будапештда янги форматдаги Total Chess World Championship Tour синов турнири старт олади.
Бу оддий шахмат мусобақаси эмас. Унда иштирокчилар уч хил вақт назоратида ўзаро беллашади:
Fast Classic — 45 дақиқа + ҳар юришга 30 сония
Rapid — 15 дақиқа + 10 сония
Блиц — 3 дақиқа + 2 сония
Мусобақада дунёнинг 24 нафар кучли шахматчиси иштирок этади. Улар орасида Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Алиреза Фирузжа, Аржун Эригайси, Прагнанандхаа, Аниш Гири ва ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ҳам бор!
Турнирнинг илк куни 9 турдан иборат блиц мусобақаси ўтказилади. 11–15 ноябрь кунлари эса шахматчилар 4 та гуруҳга бўлиниб, Fast Classic форматида курашади.
Гуруҳ босқичида ғалаба учун 3 очко, дуранг учун эса 1 очко берилади.
17 ноябрдан плей-офф баҳслари бошланади. Унда шахматчилар бир-бирига қарши блиц, рапид ва Fast Classic форматларида ўйнайди. Мусобақа 20 ноябрь куни якунланади.
Умумий мукофот жамғармаси — 650 000 АҚШ доллари. Турнир ғолиби 80 000 долларни қўлга киритади.
Биринчи кун блиц баҳслари 10 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.
2027 йилда расман йўлга қўйиладиган Total Chess жаҳон чемпионати турининг илк синови айнан Будапештда бўлиб ўтади.