locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Анвар Ғофуров: «Энди эронлик агентим бор ва ҳамма таклифлар у орқали биргаликда кўриб чиқилади»

Tribuna.uz мухбири «Сурхон» устози билан суҳбатлашди.
Футбол
Анвар Ғофуров: «Энди эронлик агентим бор ва ҳамма таклифлар у орқали биргаликда кўриб чиқилади»
photo: Surxon fk

Термизнинг «Сурхон» клуби бу йил Анвар Ғофуров бош мураббийлигида яхши таассурот қолдиряпти. Тўғри, жамоа ҳозирча 11-ўринда. Аммо таркибида ёшлар кўп бўлган жамоа сифатида уларнинг кўрсатаётган ўйини мухлис ва мутахассисларга ёқяпти. Бунда эса Ғофуровнинг меҳнати жуда катта.

У мураббий сифатида ўз қарашлари ва иш услубини сингдиришга муваффақ бўлди. Яъни, Анвар Ғофуровнинг ўйин чизмаси яққол кўриниб турибди.

Яқинда эса мураббий эронлик агент билан шартнома имзолади. Унинг клуб билан тузган битими ҳам шу йили якунига етади. Бу борада Tribuna.uz мухбири Анвар Ғофуровдан интервью олди.

- Анвар ака, яқинда эронлик агент Хамид Мерих билан келишувга эришдингиз ва у сизнинг расмий агентингизга айланди. Бундай қарорга келишингиз нима билан боғлиқ? Бу ташаббус кимдан чиқди? Дастлаб шу хусусида батафсил тўхталиб ўтсангиз!

- Ҳа, эронлик агент Хамид Мерих билан икки йиллик келишувга эришдик. Замонавий футболда бугунги кунда бу оддий ҳол. Хамид Мерих ўзаро танишларимиз орқали мен билан боғланди, учрашдик ва танишдик. Сўнгра шу қарорга келдим. Футболда ўз ўрнига эга ва фикрлари ҳамда маслаҳатларини ҳурмат қиладиган инсонлар ҳам менга шуни маслаҳат беришди.

- Бундан чиқди, яқин келажакда сизни мураббий сифатида хорижда ҳам кўришимиз мумкинми? Бундай истагингиз кучлими?

- Ҳозирда ўзим яхши кўрган ишни яхши бажаришга ҳаракат қиляпман. Қолгани Худога таваккал. Ўзимизда ёки хорижда яхши клубларда ишлаш, юқори ўринлар учун курашиш — бу ҳар бир мураббийнинг орзу-нияти бўлса керак.

- «Сурхон» клубидаги фаолиятингиз ҳақида кўпчилик ижобий фикрлар билдиряпти. Ёшларни қандай қилиб барқарорлик сари етаклаб боряпсиз?

- Худога шукр, бунинг устида жамоа билан деярли ҳар куни ишлаяпмиз ва кундан-кунга янада кучлироқ жамоа бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Мен ва жамоамизнинг ҳаракатлари ҳақида илиқ фикрлар билдиришаётган бўлса, бундан жуда хурсандман. Бу — тўғри йўналишда эканимизни англатади.

Албатта, ёшларни кузатиб, уларга эътибор бериш керак. Ишониш, тўғри йўлга йўналтириш лозим. Балки, ёшлар тажрибали футболчилар каби барқарор эмасдир. Ҳар бир ёш футболчининг ўйиндан-ўйинга улғайиб бораётганини кўриб хурсанд бўламан. Лекин ҳар бир ёш футболчининг ўзига яраша йўли ва келажаги бор.

- Суперлигада энг кўп дуранг «Сурхон» ҳисобига тўғри келмоқда: жамоа ҳозиргача 10 та ўйинда дуранг ўйнади. Сизнингча, бу нимадан далолат?

- Сабаблари кўп бўлса керак. Ўз жамоамиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Чинеду клубни тарк этгач, соф ҳужумчимиз битта қолди — Камрон Юсупов. У ҳали ёш ва жуда иқтидорли. Ҳали тажриба тўплаши керак. Бу позицияда Торнике ҳаракат қиляпти. Аслида у ярим ҳимоячи, шунга қарамай, талабларни бажариб, жуда яхши таассурот қолдирмоқда. Энг асосийси, ўзимиз яратган вазиятлардан унумли фойдалана олмаяпмиз, рақиб ҳам (кулади). «Сурхон» жамоамиз бутун жамоа бўлиб, ўз ҳаракатлари билан ғалаба учун курашяпти. Бунинг учун футболчиларга алоҳида катта раҳмат. Мен учун жуда муҳим жиҳат шуки, ҳеч қайси жамоага қарши «автобус қўйиб», дурангга эришганимиз йўқ.

- Мураббий сифатида қайси маҳаллий ёки хорижлик мутахассиснинг иш услубини амалда қўллашни ёқтирасиз ва унга амал қиласиз?

- Кучли ва тажрибали мураббийларимиз кам эмас. Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Александр Хомяков, Мирко Еличич, Темур Кападзе... Улардан ҳам кўп нарса ўрганса бўлади. Хорижда эса кучли мураббийлар жуда кўп. Тарихда ҳам ёд олишга арзийдиган мутахассислар бисёр. Юрий Саркисян, Тачмурад Агамуродов, Виктор Жалилов, Валерий Лобановский, Константин Бесков, Йохан Кройф... Барибир ҳар бир мураббий кўрпага қараб оёқ узатади.

- Янги мавсум учун режаларингиз қандай? «Сурхон» билан ишни давом эттирасизми ёки янги чақириқларни кутяпсизми?

- «Сурхон» клуби билан шартномам 2026 йил охиригача. Келаси йили нима бўлиши ҳали номаълум. Бутун эътиборим қолган 3 турда яхши натижаларга эришиб, мухлисларни хурсанд қилган ҳолда таътилга чиқишга қаратилган.

- Ўзбекистон Кубоги ярим финалида 4 та жамоа қолди: «Андижон», ОКМК, «Локомотив» ва «Навбаҳор». Сизнингча, бу йил Кубокни ким ютади?

- Биласизми, бу тўртликдаги ҳар бир жамоа Ўзбекистон Кубогида ғалаба қозониш имкониятига эга. Кучли мураббийлар, кучли ва иқтидорли футболчилар етарли. Бу ўйинларда юзага келадиган вазиятлардан ким унумли фойдаланса, ўша ғалаба қозонади.
Кубок ғолиби бўйича тахминим:
Навбаҳор 30 %
Локомотив 30 %
ОКМК 20 %
Андижон 20 %

- Мураббий сифатида олдингизга қўйган асосий мақсадингиз нима?

- Худо хоҳласа, мухлисларимизга ёқадиган футбол намойиш этиб, ғалаба қозониш ҳамда кўплаб титулларни қўлга киритиш. Яхши ва кучли жамоаларни ёки олдига юқори мақсадлар қўйган жамоани бошқариш.

- Сир бўлмаса, хизматларингизга қайси клублардан қизиқиш бўляпти?

- Ўзимиздан қизиқишлар бўлганди. Лекин бу мавзуга декабрда қайтайлик, деб илтимос қилгандим. Энди эронлик Хамид Мерих деган агентим бор ва ҳамма таклифлар у орқали биргаликда кўриб чиқилади.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг