Двалишвили Усмон Нурмагомедов ва унинг жамоаси билан муштлашиб қолганини маълум қилди
UFC собиқ чемпиони, грузиялик Мераб Двалишвили юзи қонга беланган ҳолда видео эълон қилди.
Унда спортчи дўсти билан бирга Абу-Дабида PFL ташкилотининг енгил вазндаги (70 кг гача) амалдаги мағлубиятсиз чемпиони россиялик Усмон Нурмагомедов ва унинг жамоаси билан муштлашиб қолганини айтди.
«Ҳа, сизлар жуда айёр экансизлар. Абу-Дабида мен ва дўстим икки киши эдик. Усман Нурмагомедов ва унинг дўстлари орқамиздан келиб қолишди. Гаплашиш ўрнига муштлашишни танладингларми? Бу нима деган гап?
Сизлар айёр ва маккор одамлар экансизлар. Бу сизларнинг қандай характерга эга эканингизни кўрсатади. Сизлар ҳақиқий жангчи ҳам, эркак ҳам эмассизлар. Нима балога?
Агар уришмоқчи бўлсангиз, марҳамат, курашамиз. Ахир биз жангчилармиз. Гаплашмоқчи бўлсангиз, гаплашамиз. Лекин сизлар орқадан ҳужум қилдингиз. У ерда нечта одам бўлганингизни ҳам билмайман. Барча дўстларингиз маккор экан.
Мен сизларнинг кимлигингизни аввалдан билардим. Абу-Дабига эндигина етиб келгандим. Усмон, Умар ва уларнинг дўстлари кўпчилик бўлиб орқамиздан ҳужум қилишди. Аммо менинг аҳволим яхши, мен жангчиман. Яна бир бор айтаман, бу воқеа аслида ким эканингизни кўрсатди. Биз ҳақиқий эркаклардек жанг қилдик, сизлар эса...» — деди Двалишвили ўз видеомурожаатида.
Маълумот учун, Усмон Нурмагомедов профессионал ММА фаолияти давомида 22 та ғалабага эришган. Унинг 16 та ғалабаси муддатидан олдин якунланган. Россиялик жангчи ҳали бирор марта мағлубиятга учрамаган.