locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

«Барселона» мухлисларига вафотидан кейин «Камп Ноу» стадионида қўним топиш имкониятини яратади

Клуб тақдим этган лойиҳага кўра, мухлислар ҳаётлик вақтидаёқ ўзлари ёки яқинлари учун махсус жой банд қилишлари мумкин.
Футбол
Фото: Getty Images

Испаниянинг «Барселона» клуби вафот этган мухлисларининг кулларини «Камп Ноу» стадионидаги махсус мемориал мажмуада сақлаш имкониятини яратмоқда. Клуб тақдим этган лойиҳага кўра, мухлислар ҳаётлик вақтидаёқ ўзлари ёки яқинлари учун махсус жой банд қилишлари мумкин. Бу ҳақда Le Parisien нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, «Memorial FC Barcelona» номини олган мажмуада марҳумларнинг кулларини сақлаш учун 26 мингта махсус жой ташкил этилади. Бундан ташқари, мухлисларнинг исмлари ва хотира ёзувларини жойлаштириш учун 9 мингта ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади. Умумий майдони 1500 квадрат метрни ташкил этадиган мажмуа стадионнинг футбол майдонига яқин ҳудудида жойлашади.

Мазкур хизмат пуллик бўлиб, марҳумларнинг кулларини 10 йил сақлаш 2490 евро, 25 йил сақлаш 4990 евро, 50 йил сақлаш эса 5990 евродан бошланади. Бундан ташқари, ҳар йили 70 евро миқдорида хизмат кўрсатиш тўлови ундирилади. Хотира лавҳасини жойлаштириш учун ҳам алоҳида ҳақ белгиланади. Хабарларга кўра, ҳозирга қадар мингдан ортиқ мухлис мажмуадан жой олишга қизиқиш билдирган.

Маълумот учун, «Барселона» мемориал мажмуасининг биринчи босқичини 2027 йил охирида, иккинчи босқичини эса 2028 йил ўрталарида фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда. Лойиҳани клуб Més Que Un Memorial компанияси билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Мемориалдан фойдаланиш учун «Барселона» клубига аъзо бўлиш талаб этилмайди.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг