locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Анзур Исмоилов Россияга қарши ўйин олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятларига баҳо берди

41 ёшли футболчи рақиб жамоанинг кучли томонларини эътироф этиб, бўлажак баҳс ўзбекистонликлар учун муҳим синов бўлишини таъкидлади.
Футбол
Фото: Getty Images

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Анзур Исмоилов Россияга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ўз фикрларини билдирди. 41 ёшли футболчи рақиб жамоанинг кучли томонларини эътироф этиб, бўлажак баҳс ўзбекистонликлар учун муҳим синов бўлишини таъкидлади.

Исмоилов Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир янги ривожланиш босқичида эканини қайд этган. Унинг фикрича, Жаҳон чемпионатига илк бор йўлланма қўлга киритилиши мамлакат футболи учун тарихий натижа бўлган. Бироқ мундиалдаги иштирок жамоанинг халқаро тажриба, барқарорлик ва кучли рақибларга қарши ўйин борасида ҳали ишлаши керак бўлган жиҳатлари мавжудлигини кўрсатган. Шунингдек, у Фабио Каннаваронинг бош мураббий этиб тайинланишини терма жамоа ривожидаги янги босқич сифатида баҳолаган.

”Россия — кучли футболчилари ва халқаро тажрибасига эга жиддий рақиб. Бизнинг терма жамоамиз учун бу, аввало, ўз имкониятларини кучли жамоага қарши синовдан ўтказиш, ҳозирги тайёргарлик даражасини баҳолаш ва қайси жиҳатлар устида ишлаш кераклигини аниқлаш имкониятидир. Учрашув Тошкентда ўтиши эса футболчиларимиз учун қўшимча мотивация бўлиши керак”, — деди Исмоилов. Собиқ ҳимоячи ҳар икки жамоадан тартибли ва ғалабага интилувчан футбол кутаётганини ҳам қўшимча қилган.

Маълумот учун, Анзур Исмоилов 2007–2019-йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси шаънини ҳимоя қилган. У фаолияти давомида ”Пахтакор”, ”Бунёдкор”, ”Локомотив”, ОКМК ва Хитойнинг ”Чанчун Ятай” клубларида тўп сурган. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 12-ноябрь куни Тошкентдаги ”Пахтакор” стадионида соат 20:00 да бошланиши белгиланган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг