locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ян Облак «Атлетико» тарихидаги афсонавий рекордни янгилашга яқинлашди

Облак «Атлетико» сафида барча мусобақаларни ҳисобга олганда 551 та учрашувда майдонга тушган
Футбол
Фото: Getty Images

Мадриднинг «Атлетико» клуби дарвозабони Ян Облак жамоа тарихидаги энг кўп ўйин ўтказган футболчилардан бири бўлиш арафасида турибди. Словениялик посбон клуб афсонаси Аделардонинг натижасини янгилашга яқинлашган. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, Облак «Атлетико» сафида барча мусобақаларни ҳисобга олганда 551 та учрашувда майдонга тушган. У Аделардонинг 553 та ўйинлик кўрсаткичини такрорлашига атиги икки учрашув қолди. Агар дарвозабон кейинги баҳсларда ҳам асосий таркибда ҳаракат қилса, ушбу натижани такрорлаб, кейинчалик ундан ўтиб кетиши мумкин.

Облакнинг жорий мавсумдаги ўйини ҳам юқори баҳоланмоқда. «Атлетико» Испания чемпионатида ҳозиргача саккизта гол ўтказиб юборган ва ҳимоядаги энг яхши жамоалардан бири бўлиб турибди. Словениялик дарвозабон фаолияти давомида олтита Самора совринини қўлга киритган бўлиб, ҳозирда еттинчи мукофоти учун курашмоқда.

Маълумот учун, Ян Облак 2014 йилда Португалиянинг «Бенфика» клубидан «Атлетико»га 16 миллион евро эвазига ўтган. Унинг Мадрид клуби билан шартномаси 2028 йилгача амал қилади. Ҳозирда «Атлетико» тарихида энг кўп учрашув ўтказган футболчи Коке бўлиб, унинг ҳисобида 749 та ўйин мавжуд.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг