Моуриньо “Ливерпул” юлдузини “Реал Мадрид”га олиб келмоқчи — ОАВ
Мадриднинг “Реал” клуби ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида “Ливерпул” футболчиси Алексис Макаллистерни трансфер қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Аргентиналик футболчининг номзодини бош мураббий Жозе Моуриньо ҳам қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда Sky Sport Германия нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Реал Мадрид” раҳбарияти келгуси трансфер ойнаси учун режалар тузишни бошлаган. Клубнинг асосий мақсадларидан бири марказий ярим ҳимояга тажрибали футболчини жалб этиш ҳисобланади. Моуриньо Макаллистернинг жисмоний кучи, тўп учун курашдаги устунлиги ва ўйин темпини бошқариш қобилиятини юқори баҳоламоқда.
Мадридликлар футболчининг “Ливерпул”даги вазиятини диққат билан кузатмоқда. Бироқ аргентиналик ярим ҳимоячи мерсисайдликларнинг асосий футболчиларидан бири бўлгани сабабли трансферни амалга ошириш осон бўлмаслиги мумкин. Ҳозирча томонлар ўртасида расмий музокаралар бошлангани ҳақида маълумот йўқ.
Маълумот учун, 27 ёшли Алексис Макаллистер 2023 йилда “Брайтон”дан “Ливерпул”га кўчиб ўтган. Унинг инглиз клуби билан амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган. Аргентиналик футболчи “Ливерпул” сафида ҳозиргача 162 та учрашувда 23 та гол уриб, 21 та голли узатмани амалга оширган.