“Эспаньол” Испания кубогидаги шармандали мағлубиятдан сўнг бош мураббийини истеъфога чиқарди
Испаниянинг “Эспаньол” клуби бош мураббий Маноло Гонсалес билан ҳамкорликни якунлаганини расман эълон қилди. Қарор жамоа Испания кубогида қуйи дивизион вакилига мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этганидан сўнг қабул қилинди. Бу ҳақда “Эспаньол” клуби расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Эспаньол” Испания кубогининг дастлабки босқичида тўртинчи дивизион вакили “Сестао Ривер”га қўшимча бўлимлардан кейин 3:4 ҳисобида ютқазган. Учрашувнинг 121-дақиқасида Жон Рохо томонидан киритилган гол мезбонларга кейинги босқич йўлланмасини тақдим этган.
Мағлубиятдан бир неча соат ўтиб, клуб раҳбарияти мураббий билан хайрлашишга қарор қилган. “Эспаньол” расмий баёнотида Гонсалесга меҳнати ва профессионаллиги учун миннатдорлик билдирган. Жамоанинг Ла Лигадаги муваффақиятсиз натижалари ҳам ушбу қарорга таъсир кўрсатган.
Маълумот учун, Маноло Гонсалес “Эспаньол” бош мураббийи сифатида 107 та расмий учрашув ўтказган. Унинг қўл остида клуб юқори дивизионга қайтган ва икки мавсум давомида Ла Лигадаги ўрнини сақлаб қолган. Мураббийнинг истеъфоси 27-октябр куни кечқурун эълон қилинган.